«Милан» ҳужумчиси Рафаэл Леау ёзги трансфер ойнасида жамоани тарк этиши мумкин.
La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, 26 ёшли португалик футболчининг трансфери 80 миллион евро эвазига амалга ошиши эҳтимолдан холи эмас.
Манбада айтилишича, сўнгги ойлар ичида Леаунинг «россонерилар» мухлислари билан муносабатлари ёмонлашган. Шу боис, унинг кетиши ҳатто шартномасидаги 175 миллион евролик товон пули бандига қарамай ҳам реал сценарий сифатида кўрилмоқда.
Қайд этилишича, футболчига Германиянинг «Бавария» ва Испаниянинг «Барселона» клублари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Бундан ташқари, Англия Премер-лигасидан «Манчестер Юнайтед» ҳам вариантлардан бири сифатида тилга олинмоқда. Саудия Арабистони клублари ҳам вазиятни кузатиб бормоқда.
Маълумот учун, Леау 2019 йил августидан буён «Милан» сафида тўп тепиб келмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йил 30 июнгача амал қилади.
Португалик вингер ушбу мавсум 26 та баҳсда майдонга тушиб, 10 та гол ва 2 та ассист қайд этган. Тransfermarkt порталида унинг нархи 65 миллион еврога баҳоланмоқда.