Канада миллий жамоаси яримҳимоячиси Исмаел Коне операциядан кейин жамоа қароргоҳига қайтди ва жамоадошлари томонидан илиқ кутиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, футболчи ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Қатарга қарши учрашувда (6:0) оёғининг иккита болдир суягини синдириб олган эди. У майдондан зудлик билан олиб чиқилиб, шифохонага ётқизилганди.
Коне жамоа қароргоҳига лимузинда қайтиб келди. У автомобилдан қўлтиқтаёқлар ёрдамида тушди.
Канадалик футболчилар жамоадошини қарсаклар билан кутиб олишди. Шундан сўнг ҳар бир футболчи Коне билан алоҳида қучоқлашиб, унга далда берди.
Шифокорлар хулосасига кўра, яримҳимоячини камида беш ойлик тикланиш жараёни кутмоқда. Шу сабабли унинг учун ЖЧ-2026 якунланган.
Айни пайтда Канада B гуруҳида 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Канадаликлар гуруҳдаги сўнгги учрашувда Швейцарияга қарши майдонга тушади. Ҳар икки жамоа ҳисобида ҳам 4 тадан очко мавжуд, бироқ қўшимча кўрсаткичларга кўра Канада юқорироқда жойлашган.