ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилот раҳбари лавозимига навбатдаги сайловларда номзодини илгари суришини тасдиқлади.
«Албатта, келаси йилнинг 18 март куни бўлиб ўтадиган сайловларда номзод бўламан. Менинг дастурим ёки шиорим, агар хоҳласангиз, жуда оддий, аммо айни пайтда жуда аниқ: «Футбол ҳамма учун, дунёнинг ҳар бир нуқтасида». Биз айнан шуни хоҳлаймиз», — деди Инфантино.
ФИФА раҳбарининг таъкидлашича, ташкилот дунёнинг барча ҳудудларидаги инсонлар учун футбол билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришга интилади.
«Биз барчага орзу қилиш, иштирок этиш, ўйнаш ва ривожланиш имкониятини бермоқчимиз. Шунингдек, йирик футбол давлатлари билан қолганлари ўртасидаги тафовутни қисқартиришни истаймиз», — дея қўшимча қилди Инфантино.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА президентлиги учун навбатдаги сайлов 2027 йилнинг 18 март куни ўтказилади.