UFC Шон-шараф залига аъзо, ярим оғир ва оғир вазн тоифаларида икки карра собиқ чемпион Даниэл Кормие Арман Царукяннинг ҳозирги формаси ва истиқболини юқори баҳолади.
«Менимча, Арман фаол бўлиб қолиш учун зарур бўлган ҳамма ишни қиляпти. Бу йигит, эҳтимол, ҳозирда дунёдаги энг яхши енгил вазнли жангчидир. Ислом бошқа вазн тоифасига ўтгач, Арман жуда кучли кўринмоқда. У йирик, кучли ва жисмонан жуда бақувват», — деди Кормие Red Corner MMA портали улашган видеода.
Собиқ чемпион, шунингдек, UFC'нинг енгил вазн тоифасидаги амалдаги чемпиони Илия Топурияни ҳам алоҳида таъкидлади ва айнан у ҳамда Царукян бугунги кунда жаҳон ММА'сининг чўққисида эканини қайд этди.
«Илия Топурия — ажойиб чемпион. Ўйлайманки, ҳозирги вақтда дунёдаги энг яхши икки жангчи — Илия ва Арман. Бир кун келиб, улар албатта ўзаро жанг қилишлари керак», — дея қўшимча қилди Кормие.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Топурия оилавий муаммолар сабаб фаолиятида танаффус қилиши ҳақида хабар берганди.