UFC енгил вазн тоифаси чемпиони Илия Топурия танаффус олишини тасдиқлади.
Аввалроқ журналист Алваро Колменеро грузиялик спортчининг 2026 йил баҳоригача жанг қилмаслиги ҳақида хабар берганди.
«Мен келаси йилнинг биринчи чорагида жанг қилмайман. Ҳозирда шахсий ҳаётимда қийин даврни бошдан кечиряпман. Фарзандларимга эътибор қаратишни ва бу вазиятни иложи борича тезроқ ҳал қилишни истайман.
Мен дивизионнинг ривожланишини кечиктиришни истамайман. UFC зарур жангларни ташкил қилади — барча муаммолар ҳал бўлиши билан қайтиш жараёнини бошлашга тайёрлигимни эълон қиламан», — деб ёзган 28 ёшли чемпион ижтимоий тармоқларда.
Кузда Топурия рафиқаси билан ажрашгани ҳақида интернетда хабарлар пайдо бўлганди. Эр-хотин ижтимоий тармоқлардан бирга тушган суратларини ўчириб ташлашган. Уларнинг икки фарзанди бор — ўғли Ҳуго ва қизи Жоржина.