Англия миллий жамоаси яримҳимоячиси Жуд Беллингҳэм Гана билан 0:0 ҳисобида якунланган баҳсдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Беллингҳэм рақиб ҳимояси жамоаси учун жиддий муаммо туғдирганини таъкидлади.
«Мен иштирок этган барча турнирларда деярли бир хил ҳолат кузатилган: аввал яхши ўйин ва ғалаба, кейин эса иккинчи баҳсдаги қийинчиликлар.
Рақибнинг ҳимояланиши ва ўйин ташкил этишидан бироз ҳафсалам пир бўлди. Аммо уларга тан бериш керак — улар айнан ўзлари истаган натижага эришди.
Биз кўплаб бурчак тўплари, тўп назорати ва узоқ масофадан зарбаларга эга бўлсак ҳам, уларни ёриб ўта олмадик.
Ҳеч қандай хавотир, стресс ёки драма йўқ. Бу дунёнинг охири эмас. Энди видеоларни таҳлил қиламиз, қаерда яхшироқ ўйнашимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз ва Панама билан баҳсга тайёргарлик кўрамиз», — дея Беллингҳэмнинг сўзларини келтирди Flashscore нашри.
Маълумот учун, Англия миллий жамоаси Жаҳон чемпионатининг 2-турида Гана билан нурсиз дуранг ўйнади. Жамоа гуруҳ босқичидаги сўнгги баҳсини 28 июн куни Панама миллий жамоасига қарши ўтказади.