«Ювентус» қанот ҳимоячиси Андреа Камбязо фаолиятини «Барселона»да давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Sportitalia хабар бермоқда.
Манбага кўра, «кўк-анорранглилар» раҳбарияти италиялик футболчини ҳимоянинг ҳар иккала қанотида ҳам ўйнай оладиган универсал ҳимоячи сифатида кўрмоқда.
Қайд этилишича, Турин клуби 26 ёшли Камбязони 50 миллион евродан камига қўйиб юбормоқчи эмас.
Бу мавсумда ҳимоячи барча мусобақаларда 39 та ўйинда иштирок этиб, 3 та гол ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Унинг «Ювентус» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.