Live
4
Ўзбек

Аҳрор Равшанбеков: «Жаҳон чемпионатидан энг яхши тўпурар бўлиб қайтишни хоҳлайман»

Эксклюзив
6 ноябр, 09:41
    10
Tribuna.uz журналисти Равшанбеков билан суҳбатлашди.
Аҳрор Равшанбеков: «Жаҳон чемпионатидан энг яхши тўпурар бўлиб қайтишни хоҳлайман»
Фото: ЎФА

Шу йилнинг 14 ноябр-13 декабр кунлари Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу кичик мундиалда Ўзбекистон U17 жамоамиз ҳам иштирок этади. Айни пайтда вакилларимиз жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб боришмоқда.

U17 жамоамиз таркибида келажаги порлоқ, юлдуз футболчи бўлиб етишиши кутилаётган иқтидорлар ҳам бор. Жумладан, ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубогида тўпурарлигини намойиш қилган Аҳрор Равшанбековдан ҳам мундиалда кўп нарса кутилаётгани сир эмас.

Андижон футболи тарбияланувчиси ва ҳозирда «Андижон» U21 сафида ўйнаётган истеъдод эгаси U17 жамоасининг муҳим фигураларидан бири саналади.

Ахрор 2009 йилнинг 23 май санасида Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида таваллуд топган. Оилада уч фарзанд бўлиб, мақоламиз қаҳрамони энг кичиги ҳисобланади. Футболга акаси сабабли кириб келган. 5-синфда Андижон футбол академиясига ўқишга кирган. Ҳозирда эса у Андижон шаҳридаги 31-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

- Аҳрор, 17 ёшдаёқ ўз мамлакати шарафини жаҳон чемпионатида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиш — ҳар бир футболчининг орзуси. Лекин бу орзуга эришиш билан бирга катта масъулият ҳам юкланади. Сиз бугун ўзингизни кўпроқ омадли йигит деб ҳис қиляпсизми ёки олдингиздаги масъулиятни ўйлаб, ўзингизга янада катта талаб қўйяпсизми?

- Ассалому алайкум. Аввало, жаҳон чемпионатига чиқишни ўзи осон иш эмас. Бунинг ортида жуда катта меҳнат ётибди. Худо хоҳласа, мундиалда ҳам ўзимизни максимал даражада 100 фоиз кўрсатиш ниятимиз бор.

- «Андижон» сафида тўп сураётган футболчи сифатида ўсмирлар жамоасига чақирув олишингизда клубнинг ҳиссаси қанчалик катта бўлди? Айниқса, катталар футболидаги машғулотлар ва тажрибали футболчилар билан бир жамоада бўлиш сизга нимани ўргатди?

- Табиийки, терма жамоага чақирилишимда «Андижон» клубининг ҳиссаси катта. Ҳар қандай ҳолатда ҳам менга ёрдам беришди ва қўллаб-қувватладилар. Кам-кўстларимни тўлдиришиб, нима керак бўлса, ҳаммасини муҳайё қилишди. Асосий жамоада тажрибали ўйинчилар билан бирга шуғулланиб, кўп нарсаларни ўргандик. Тажриба тўпладик. Худо хоҳласа, жаҳон чемпионатида тажрибаларимизни ишга солиб, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- Ростини айтинг, ўзингизда жаҳон чемпионатида рақиблар ҳимоячиларига бош оғриғи бўладиган даражадаги қайси футболчилик хусусиятингиз бор деб ҳисоблайсиз? Ҳали қайси жиҳатларингиз устида кўпроқ ишлашингиз керак?

- Ҳали ўз устимда ишлайдиган жихатларим кўп. Камчиликларим бор. Худо хоҳласа, жаҳон чемпионатигача буларни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга тўпни ўзимда яхши сақлайман ва бирга-бир ҳолатларда рақиб ўйинчиларидан ўтиб кета оламан. Мундиалга ҳар томонлама шаклланган футболчи сифатида борамиз.

- Қатардаги жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли академиялари тарбияланувчиларига қарши ўйнайсиз. Сиз учун бу турнир рақибларнинг номини кўриш ва улардан ҳайиқиш эмас, балки ўзингизни улардан кам эмаслигингизни исботлаш майдони бўладими?

- Жаҳон чемпионати биз учун байрам. Бундай мусобақаларни биз катта қизиқиш, интиқлик билан кутамиз. Ўзимизни кўрсатиш ва Европага йўл олиш учун бу энг яхши чемпионатлардан бири. У ерда ўзимизни максимал даражада кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Футболда баъзан битта ўйин, ҳатто битта эпизод футболчининг бутун фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Агар жаҳон чемпионатида ҳал қилувчи вазиятда тўп сизга келса, бутун мамлакат натижага қараб турганини ҳис қилиб, масъулиятни ўз зиммангизга олишга тайёрмисиз?

- Футболда бундай вазиятлар кўп бўлади. Агар мундиалда ҳам ҳал қилувчи, якунловчи вазият бўлса, буни ўз зиммамга олишга албатта доимо тайёрман.

- Сиз учун бу мундиалдаги энг катта мақсад нима: Ўзбекистон билан тарихий натижа қайд этишми, турнирнинг энг яхши футболчилари қаторига киришми ёки Европа клублари скаутларининг эътиборини қозонишми? Ёки буларнинг барчасини бирдек истайсизми?

- Аввало, мақсадимиз Ўзбекистонда ҳали ҳеч ким қилмаган тарихий натижани қайд этиш. Ундан кейинги мақсадларим энг яхши тўпурар бўлиш. Худо хоҳласа, Европага ўзим учун ҳам йўл очиш ниятим бор. Шунингдек, миллий жамоамизда ҳам ўйнашни хоҳлайман. Насиб қилса, мундиалда ўзимни ҳар томонлама кўрсатиб, кейинги йилларда миллий жамоамиз таркибида ҳам тўп тепиш мақсадим бор.

- Тасаввур қилинг, жаҳон чемпионатидаги ўйинингиздан кейин Европанинг кучли клубидан таклиф тушди. Бугунги Ахрор бундай имкониятга қандай қарайди: буни фаолиятидаги энг муҳим қадам деб биладими ёки ҳали ўзини исботлаши керак бўлган футболчи сифатида шошилмасликни маъқул кўрадими?

- Жаҳон чемпионатидаги энг катта мақсадларимдан бири Европанинг топ клублари кўзига кўриниш. Бундай имконият бўлса, албатта иккиланмасдан қабул қилардим.

- «Андижон» мухлислари сизнинг Қатардаги ҳар бир ҳаракатингизни кузатиб боришади. Майдонга тушганингизда нафақат Ўзбекистон, балки бутун бир вилоятнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши сиз билан бўлишини ҳис қиласизми?

- Албатта, «Андижон» фан-клуби Ўзбекистондаги энг кучлиси. Бундай мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида майдонга тушиш ва ўйнаш футболчига завқ ва иштиёқ беради.

- Якунда бироз бошқачароқ савол: 13 декабрь куни Қатардаги мундиал якунланади. Орқага қараганингизда, бу турнирдан кейин одамлар Ахрор Равшанбеков ҳақида қандай фикрда бўлишини истардингиз ва энг муҳими, ўзингиз бу мусобақадан қандай футболчи бўлиб қайтишни хоҳлайсиз?

- Жаҳон чемпионатидан энг яхши тўпурар бўлиб қайтишни хоҳлайман. Шу билан бирга Ўзбекистон учун тарихий натижани қайд этишни истаймиз. Бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

- Мундиалда бизнинг гуруҳда Италия, Ямайка ва КотдИ’вуар терма жамоалари бор. Гуруҳ хусусида нима дея оласиз?

- Ҳа, гуруҳимизда Италия, Ямайка ва КотдИ’вуар терма жамолари бор. Уларни ўрганиб чиқяпмиз ва рақибларимизни ўйинларини бирма-бир кўриб чиқиб, шунга қараб ҳаракат қиламиз.

- Миллий жамоамизни мундиалга тайёргарлиги қандай кетмоқда ва жаҳон чемпионатида потенциалимизни қандай баҳолайсиз?

- Жамоамиз мундиалга 100 фоиз куч билан тайёргарлик кўрмоқда. Футбочлиларни кайфияти ва руҳияти жойида. Худо хоҳласа, жаҳон чемпионатида мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида энг яхши натижани кўрсатишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

10 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар