Live
4
Ўзбек

Андрей Шипилов: «Андижон» ўз мухлисларининг ёрдами билан ғалаба қозонди»

Эксклюзив
10 сентябр, 15:58
«Қўқон-1912» устози «Андижон»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Андрей Шипилов: «Андижон» ўз мухлисларининг ёрдами билан ғалаба қозонди»
Фото: Андижон ПФК

«Андижон» - «Қўқон-1912» (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейин меҳмонлар устози Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Жуда яхши, муросасиз ўйин бўлди. Мухлисларга, фан-клубга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Ростини айтсам, агар улар жамоасига шундай энергия бермаганида, менимча, «Андижон» бугун ҳеч нарса қила олмасди. Мухлислардан жуда яхши қувват бўлди. Менимча, бугун уларнинг ёрдами билан ғалаба қозонишди. «Андижон»ни ғалаба билан табриклайман.

Ҳеч нарса бундай натижадан дарак бермаётган эди. Биз ўйинни назорат қилдик, жуда яхши гол урдик. Биринчи бўлимни ажойиб, жуда юқори савияда ўтказдик. Иккинчи бўлимда ҳам ҳеч нарса бундай бўлишини кўрсатмаётганди.
Нима бўлди, нима содир бўлди? Ўйин тугашига бир неча дақиқа қолган эди. Биз хотиржам тарзда иккинчи зонага, кейин учинчи зонага чиқдик, тўп назоратимизда эди. Нега уни рақибга бериб қўйдик? Нега оддий вазиятларда тўпни йўқотдик? Шунчаки туриб қолдик.

Балки, футболчилар ўз кучига ишонмай қолгандир ёки ўйинни ўз фойдамизга якунлай олмаслигимиздан қўрқишгандир — билмадим. Барчаси майда деталлар, нозик жиҳатларга бориб тақалади. Бу биздаги учинчи ўйин. 1:0 ҳисобида олдинда боряпмиз, бутун ўйинни назорат қиляпмиз, бирданига — гол ўтказиб юборамиз. Бугун бу ерда ҳеч қандай ҳолатда мағлуб бўлмаслигимиз керак эди. Ҳеч қандай ҳолатда.

Ҳозир йигитларга ҳам айтдим: энг муҳими, тажрибали ва катта футболчиларимизда тўп назоратимизда эди. Нега шу услубдан воз кечдик? Нега тўпни йўқотдик? Эҳтимол, уларда қандайдир ички муаммолар бордир. Гаплашамиз, мулоқот қиламиз. Ҳозир ўйинни таҳлил қилишга вақт жуда кам. Энди сафарга, Кубок ўйинига йўл оламиз. Бизни жуда кучли ва жиддий рақибга қарши ўйин кутиб турибди. Кейин яна тўққиз кун ичида бир нечта учрашув ўтказамиз.

Катта танаффусдан кейиноқ йигитларга айтганман: энди ҳар бир очко олтинга тенг бўлади. Биз бешта тур давомида мағлуб бўлмадик — икки дуранг ва иккита ғалаба қайд этдик. Демак, хаёлда қандайдир хотиржамлик пайдо бўлган. Ич-ичимизда ҳам ўзимизга ортиқча ишонч пайдо бўлган, шекилли.

- Етмиш дақиқа давомида юқори прессинг ўйнаб, рақибга футбол ўйнаш имконини бермадинглар. Футболчиларни алмаштириш жараёнида тактикани ҳам ўзгартирдингизми? Кейинчалик прессинг аввалгидек ишламади.

- Ўн етти дақиқа қолганида ҳам яхши прессинг қилдик. Қандай прессинг ҳақида гап кетяпти? Кейин ўзгариши табиий. Футболчи тактик жиҳатдан қандайдир ўзгариб қолиши мумкинми? Лекин сиз тўғри айтдингиз. Сиз бутун вазиятни кўргансиз. «Андижон» умуман ҳеч нарса қила олмаётган эди.

Уларда ҳеч нарса ўзгармади, ҳеч нарса ўхшамади. На стандарт вазиятлардан, на бурчак зарбаларидан фойдалана олишди. Биз вазиятларни бир-икки сония олдиндан ўқиб турдик. Чунки ҳар бир ўйинга жуда жиддий муносабатдамиз.
Бу ўйин биз учун водий дербиси эди, лекин ҳозир ҳар бир учрашув биз учун дерби ҳисобланади. Шунинг учун сиз тўғри айтдингиз — биз ҳеч нарсани ўзгартирмадик. Захирадан майдонга тушган футболчилардан ҳам тўпдан узоқлашмасликни, ўйинни назорат қилишни ва иккинчи зонадан қанот ёки ярим қанот орқали тезроқ олдинга чиқишни сўрадик. Лекин яна бир бор айтаман: сифат, сифат, вазиятлар, майда деталлар. Ана шу жуда-жуда муҳим жиҳатлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

- Захирада қолган Табатадзе майдонга туширсангиз бўлмасмиди?

- Биз Табатадзега ҳам ҳар ўйинда имконият беряпмиз. Унга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ. У жуда жиддий ва профессионал футболчи. Элбек ҳам машғулотларда ўзини жуда яхши кўрсатмоқда. Бугун ҳам майдонга тушиб, жуда яхши иш қилди. Рақибга катта муаммолар туғдирди. Сизнинг 15-рақамли футболчингиз у билан курашда қийналди.

У бироз ёшроқ ва бироз серғайратроқ. Тома эса кўпроқ пастда ўйнайди ва тажрибаси каттароқ. Элбекда эса шижоат, ёшларга хос энергия кўпроқ. Бундай ўйинларда бу жуда муҳим. Шунинг учун у майдонга тушди ва ўз вазифасини яхши бажарди. Умуман, бу ерда унинг айби йўқ. Сиз менга савол бердингиз, лекин муаммо унда эмас. У майдонда бўлган вақти давомида ўз ишини жуда яхши бажарди. Бу ерда тажрибали футболчиларимиз оддий вазиятларда тўпни пастда ушлаб, яна уч-тўртта ортиқча пас беришлари керак эди — бўлди. Аммо биз негадир оддий вазиятларда хатоларга йўл қўя бошладик.

- Гадоев ва Соҳибжоновнинг қайдномага киритилмаганига сабаб жароҳатми?

- Соҳибжоновда вазият шундай бўлди: у бироз бетоб бўлиб қолди. Биз унинг қачон майдонга қайта олишини кутдик. Кейин жамоага қайтди, лекин жуда кўп вазн йўқотди — икки-уч килограмм озиб кетди. Уйдаги ўйинда оғир майдонда 45 дақиқа ўйнашга имконият бердик ва у жароҳат олди. Жароҳати сон орқа қисмида. Гадоев эса ўша Самарқандга қарши уй учрашувимизда жароҳат олди. Унда қовурға ва сон бўғими билан боғлиқ муаммо бор. У жуда омадсиз тарзда йиқилди. «Динамо»га қарши ўйинда уч нафар футболчимиздан айрилдик. Эртага ёки индинга Егор Кондратюкни операция қилдиришни режалаштиряпмиз. Агар бугун Егор майдонда бўлганида, Соҳибжонов ҳам сафда бўлганида, менимча, улар бизга ёрдам беришарди - Егор ҳам, Соҳибжонов ҳам, Шаҳрух Гадоев ҳам. Умид қиламанки, Гадоев Кубок ўйинигача соғайиб қолади. Соҳибжоновнинг эса улгуриши қийин. Егор эса менимча, олти-саккиз ойга сафдан чиқади. Жуда ачинарли. Лекин бу ҳеч қандай ҳолатда баҳона бўла олмайди.

Уч нафар футболчимиз йўқ, майли. Уларнинг барчаси деярли бир хил позицияда ўйнайди. Егор бу йил жуда яхши мавсум ўтказаётган эди. Соҳибжоновнинг ҳам ўйини чиқиб келаётганди. Қаршида феноменал, жуда яхши ўйин ўтказди ва мана, кутилмаганда шундай вазият юзага келди», - дея Андрей Сергеевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Бугунги янгиликлар