«Андижон» клуби водий дербиси доирасида ўз майдонида «Қўқон-1912»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Аввалига 0:1 ҳисобида ютқазаётган мезбонлар охиригача курашишди ва иродасини намойиш этиб, ғалабани илиб кетишди. Ўйиндан сўнг мезбонлар устози Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида қатнашди.
- Бугунги қийин кечган ғалаба билан мухлисларимизни табриклаймиз. Қолаверса, ўйинчиларимизга ҳар қандай босимни кўтариб, охиригача курашиб, характер кўрсатишгани учун катта раҳмат. Ўйин оғир кечишини билардик. Барибир 5 та ҳимоячи билан ўйнаётган жамоани ёриб ўтиш жуда қийин эди. Рақиб ўйинини ўрганиб чиққандик, улар асосан қарши ҳужумлардан фойдаланишади. Биринчи бўлимда айнан шу ҳолатдан фойдаланиб гол уриб кетишди. Умуман олганда, жамоамиздаги барча футболчилар яхши ҳаракат қилишди.
- Ўйин давомида жамоангиз кўплаб бурчак зарбаларига эга бўлди. Бу ҳам янги бир тактик схемага ўхшади. Аммо кўпи омадсиз якунланди. Бунга алоҳида тайёргарлик кўрилганмиди?
- Ҳар ўйинга тайёргарлик кўриб борамиз. Лекин бурчак тўпларини асосини олиб қоламиз ва унга бироз элементларни қўшамиз. Хоҳлайсизми-йўқми, рақиб жамоа ҳам сизни ўрганиб чиқади. Кўриниб турибдики, «Қўқон-1912» жамоаси бизни жуда яхши ўрганиб чиққан. Шу боис қаердадир ўйлаганларимиз амалга ошмади.
- Тўғри, жамоангиз ғалаба қозонди. Аммо, менимча сиз ўйиндан қониқмадингиз-а?
- Йўқ, ундай демаган бўлардим. Рақиб очиқ ўйин кўрсатганида балки имкониятларимиз янада кўпроқ бўларди. Барибир чуқур ҳимояга ётиб олган жамоани ёриб ўтиш қийин. Кўпроқ индивидуал ҳаракатлар иш беради. Иккинчи таймда футболчиларимизни индивидуал ҳаракатлари кўпроқ фойда берди. Агар рақиб 5 та ҳимоячи билан эмас, очиқроқ ўйнаганида кўпроқ вазиятларимиз ҳам бўлиши мумкин эди.
- Жарима зарбаларидан фойдаланиш ҳолати кам. Қолаверса, «Қўқон-1912» биринчи зонани ёпиб прессинга ўтди. Футболчилар кўпроқ орқага ўйнади. Иккинчи бўлимда эса қилинган ўзгаришлар яна ўзини оқлади. Қўқонликларни прессинг қилишини билиб, шунга яраша тактика танланганмиди?
- Ўзимизни зонада рақиб у қадар прессинг қилмади. Ҳа, Нимелини олдинроқда кутиб олишди. Лекин ораларида очиқ жойлар бор эди. Иккинчи зонада уларни майдонига ўтганимизда барча ўйинчилари ҳимояланишди. Очиқ ҳудудларни ёриб ўтиш учун шошилгандан кўра орқа паслар билан ёриб ўтишга ҳаракат қилишди.
- «Андижон» футболчилари охирги пайтларда бир қатор қизил карточкалар оляпти. Жамоа ички муҳитида ўзгаришлар борми?
- Худога шукр, муҳитимиз яхши. Бу кўпроқ хиссиётларга боғлиқ. Чемпионатимизда барибир толиқиш ҳам бўлади. Кўпроқ хиссиётлар билан боғлаган бўлардим. Атайин қўполлик қиламан деб ўйнашмаяпти.
- Хиссиёт деяпсизу, лекин шу нарса бўлиб ҳам етакчи клубларга қарши ўйинларда юз беряпти. Бу эса жамоани оғир ҳолатга тушириб қўймоқда. Масалан, «Пахтакор», «Нефтчи» каби ўйинларда кузатилди. Балки руҳшунос керакми? Ҳиссиётини ҳам жиловлай олиш профессионал футболчига хос.
- Тўғри айтяпсиз. Барибир кучли жамоаларга қарши масъулият икки баробар бўлади. Шунинг учун футболчиларимиз масъулиятни ўта ўз бўйнига олишиб, ўзини бошқара олмай қолишяпти. Шуни эвазига карточкалар келиб чиқяпти.
- «Андижон»ни навбатдаги ўйини Ўзбекистон Кубоги доирасида 15 сентябрь куни «Бобур арена»да «Олимпик Мобиуз»га қарши бўлиб ўтади. Бўлажак рақиб Суперлига вакили эмаслигини ҳисобга олганда ўйинга футболчиларни руҳий тарафдан тайёрлаш борасида мураббийларга қўшимча қийинчилик туғдириши мумкин, деб ўйлайсизми?
- Албатта, қийинчилик туғдиради. Барибир кучли жамоалар билан бошқача тайёргарлик бўлади. Бундай рақибларга қарши эса бироз бўшашишлик бўлиши мумкин. Лекин иложи борича ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз охиригача бориб, Кубокни қўлга киритиш. Шунинг учун аксинча бундай жамоалар кучли клубларга қараганда, икки баробар хавфли бўлади. Шунинг учун ўйинчиларга ҳар томонлама тушунтириб борамиз. Максимал тайёргарлик кўрамиз», - дея Ислом Аҳмедовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.