«Барселона» вингери Рафиня фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда talkSPORT нашри хабар берди.
Манбага кўра, «Ал Ҳилол» клуби бразилиялик 29 ёшли футболчини анчадан бери кузатиб келади ва ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Қайд этилишича, Риёд клуби Рафинянинг трансферига қарийб 170 миллион евро таклиф қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, унга катта миқдорда маош беришга ҳам тайёр.
Ўтган клуб мавсумида Рафиня барча турнирларда 33 та ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва саккизта голли узатмага муаллифлик қилди.
Футболчининг Каталония клуби билан амалдаги меҳнат шартномаси 2028 йилнинг ўрталарига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 70 миллион еврони ташкил этади.