Европа миллий биринчиликлари ўз ниҳоясига етмоқда. Шанба ва якшанба кунлари қатор муҳим беллашувлар мухлислар диққат марказида бўлади: Шотландияда янги чемпион номи аниқланиши мумкин, Абдуқодир Ҳусанов «Сити» билан Англия кубогини ҳам клуб музейига олиб кетиш учун «Уэмбли»га боради. Қолаверса, Роналду «Ан Наср» билан ниҳоят соврин ютиш имкониятига эга бўлмоқда. Tribuna.uz якунланаётган ҳафтанинг уик-эндларига тўхталишга қарор қилди.
СЕЛТИК – ҲАРТС (16 май, 16:30

Шотландия чемпионатида катта интрига юзага келди: 1985 йилдан бери илк бор чемпионликни «Селтик» ёки «Рейнжерс» эмас, бошқа жамоа қўлга киритиши мумкин.
Гап шундаки, «Ҳартс» клуби 41 йилдан сўнг Шотландия тахтини эгаллашга жуда яқин турибди. Охирги марта бундай натижага «Абердин» жамоаси Алекс Фергюсон бошчилигида эришган эди.
Ҳозирги вазиятда «Ҳартс»га чемпионликни қўлга киритиш учун меҳмонда «Селтик»га ютқазмасликнинг ўзи кифоя. Агар шу натижа қайд этилса, Эдинбург жамоаси ўз тарихида бешинчи бор мамлакат чемпионига айланади.
Эслатиб ўтамиз, «Ҳартс» сўнгги марта 1960 йилда олтин медалларни қўлга киритган — бундан 66 йил олдин. Энди эса узоқ йиллик кутишларга чек қўйиладими — асосий савол шу.
ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (16 май, 19:00)

Англия Кубоги финали! Бу — улкан тарихга эга энг қадимий мусобақалардан бири бўлиб, уни қўлга киритиш ҳар қандай жамоа учун шараф ва нуфуз масаласидир. Айниқса, финалда икки гранд тўқнаш келса, қизиқиш янада ортади.
Бу сафарги финалда — «Челси» ва «Манчестер Сити». Қоғозда жуда жозибали ва интригали қарама-қаршилик.
Тўғри, лондонликлар сўнгги вақтларда рақибга қарши омадсиз ўйнамоқда — охирги 13 та учрашувда бирорта ҳам ғалаба йўқ. Аммо қизиқ факт: «Челси» «Сити»ни сўнгги марта қачон мағлуб этган? 2021 йилда Чемпионлар лигаси финалида! Ўша ўйинда лондонликлар ғалаба қозониб, Европанинг энг нуфузли совринини қўлга киритган эди.
Бундан ташқари, ўша финалдан бир ой олдин «Челси» Пеп Гвардиола бошчилигидаги жамоани Кубок яримфиналида ҳам 1:0 ҳисобида мағлуб этган.
Шундай экан, ижобий тажриба мавжуд. Ҳа, бугун «Челси» финалнинг яққол аутсайдери сифатида қаралмоқда, аммо «Манчестер Сити» учун бу баҳс осон кечиши кутилмаяпти. Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиши кутилаётган баҳсда «шаҳарликлар»га омад тилаймиз.
АН НАСР – ГАМБА ОСАКА (16 май, 22:45)

«Ан Наср» жамоаси бир вақтнинг ўзида икки турнирда ғалаба қозониш имкониятига эга.
Саудия Арабистони чемпионатида Жорже Жезуш шогирдларини чемпионликдан атиги бир ғалаба ажратиб турибди. Шунингдек, жамоа ОФК Чемпионлар лигаси 2 финалига ҳам йўл олган.
Ҳал қилувчи баҳсда Риёд клуби Япониянинг «Гамба Осака»сига қарши майдонга тушади.
Бу ўйин Криштиану Роналду учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Португалиялик юлдуз Саудиядаги фаолияти давомида илк йирик трофейини қўлга киритиш имкониятига эга бўлиб турибди.
Қизиқ жиҳати шундаки, Роналду ушбу турнирда ҳозиргача 10 ўйиндан фақат 3 тасида иштирок этиб, 1 та гол урган. 1000 лик довон сари одимлаётган португалиялик 41 ёшли форвард финалда ҳам гол уриш ва жамоа билан узоқ кутилган совринга бўлиши мумкин.
АРСЕНАЛ – БЁРНЛИ (17 май, 23:59)

Лондонликларга чемпионликни қўлга киритиш учун қолган икки ўйинда ғалаба қозонса кифоя. Бундай ҳолатда улар ҳатто «Манчестер Сити «натижаларига ҳам боғлиқ эмас. Ҳозирда барчаси «тўпчилар»нинг қўлида. Ўз ўйинларини муваффақиятли тугата олса, Гвардиола жамоасининг ҳар қандай натижаси аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бир қарашда ҳаммаси осондек туюлади. Аммо АПЛда одатда мавсумниннг сўнгги беллашувларига келиб, топ жамоалар анча қийинчиликка дуч келишади.
Микел Артета шогирдлари учун олдинда қулай имконият пайдо бўлмоқда: 37-турда «Арсенал» ўз майдонида «Бёрнли»ни қабул қилади. Рақиб эса аллақачон Премер-лигадан тушиб кетишни расмийлаштирган ва мавсумни деярли «автомат» тарзда якунламоқда.
Сўнгги 10 турда «Бёрнли» атиги 3 очко жамғарди (3 дуранг, 7 мағлубият). Шу боис, душанба оқшомида «Арсенал» ўз майдонида очко йўқотиши учун жуда катта сенсация юз бериши керак бўлади.
РОМА – ЛАЦИО (17 май, 15:30)

«Лацио»да азалий рақиби — «Рома»га жиддий зарба бериш имконияти бор. Бунинг учун Маурицио Сарри жамоаси Рим дербисида ғалаба қозониши керак. Бундай натижа «бўрилар»нинг топ-4да мавсумни якунлаш ва Чемпионлар лигасига чиқиш имкониятларини кескин пасайтиради.
Қолаверса, «Лацио» ҳафта ўртасида Италия Кубоги финалида «Интер»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Энди эса мухлисларни қувонтириш учун яхши имконият пайдо бўлмоқда.
Бироқ «Рома» ҳам осон таслим бўладиган жамоа эмас. Жамоа сўнгги тўртта дербида мағлубиятга учрамаган. Гасперини бошчилигидаги жамоа ҳам ғалаба учун камида шунча мотивацияга эга. Барчаси ушбу тўқнашувда кескин ва муросасиз кураш бўлишини англатади. Аслида бу жамоалар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ортиқча гап-сўзларсиз қизиқарли ва муросасиз кечган.
ЛИОН – ЛАНС (17 май, 23:59)

«Лион» сўнгги марта 2020 йилда Европа Чемпионлар лигасида иштирок этган эди. Шу вақт ичида клуб оғир даврларни бошдан кечирди.
Жумладан, ўтган йили молиявий муаммолар сабаб ҳатто Лига 2га тушиб кетиш хавфи ҳам юзага келганди. Бироқ раҳбарият Лига ташкилотчиларига керакли кафолатларни тақдим этди. Натижада «шерлар» лигада қолиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолганди.
Ҳозир эса Паулу Фонсека бошчилигидаги жамоа ҳал қилувчи тур олдидан 4-ўринни эгаллаб турибди. Олдинда — ўз майдонида «Ланс»га қарши ўйин. Рақиб эса лигада аллақачон иккинчи ўринни кафолатлаб бўлган. Ортиқча босимларсиз меҳмонга боради.
«Лион» ғалаба қозонса, Чемпионлар лигаси йўлланмасини 100 фоиз таъминлайди. Ҳатто айрим сценарийларда мағлубият ҳам уларни бош еврокубокка олиб чиқиши мумкин. Аммо таваккал қилиш хавфли.
Чунки айрим йирик нашрлар «Лион» ҳақида турли гап сўзларни ёзмоқда. Эмишки, клуб молиявий фэйр-плей талабларини тўлиқ бажармаган. Бу эса еврокубокларсиз қолишини англатади. Шунга қарамай, жамоа охиригача курашиши ва йўлланмага эга бўлиши муҳим.