Суперлига ўйинларида ҳакамлик билан боғлиқ бир қатор тортишувлардан кейин Ўзбекистон Футбол ҳакамлар маркази раҳбариятида ўзгариш кузатилди.
Бунгача ҳакамлар маркази раҳбари сифатида ишлаб келган Маъмур Саидқосимов ўрнига Фарҳод Абдуллаев иш бошлаган. Саидқосимов ҳам ташкилотдаги фаолиятини давом эттиради.
Аввалроқ Ўзбекистон Футбол ҳакамлар маркази матбуот хизмати футбол ҳакамлигини янада ривожлантириш, ҳакамларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш, халқаро талабларга жавоб берадиган янги авлод ҳакамларини тайёрлаш борасидаги ишлар изчил давом эттириш мақсадида Фарҳод Абдуллаев таклиф этилгани ҳақида хабар берган бўлса-да, ташкилот раҳбариятидаги ўзгариш ҳақида маълум қилмаган эди.
Фарҳод Абдуллаевнинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Ўзбекистон ҳакамлар маркази директори сифатида иш бошлаганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Абдуллаев 2018, 2022 ва 2026 йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатлари учун ҳакамларни тайёрлаш панелида фаолият юритган. 2011 йилдан буён 50 дан ортиқ мамлакатда FIFA ва ОФКнинг 170 дан зиёд курс ва семинарларини ўтказган ҳамда 30 йилдан ортиқ ҳакамлик тажрибасига эга. У сўнгги йилларда Саудия Арабистони ҳакамлар департаментида раҳбарлик қилиб келганди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистон ҳакамлар марказида Эркин Бахтиёров, Лазиз Қўчқоров сингари мутахассислар ҳам фаолият юритганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади