Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров Эронга (1:0) қарши CAFA Nations Cup финалидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Кайфиятимиз аъло даражада, лекин бундан ҳам яхшироқ ўйнай оламиз. Буни ўзимиз ҳам билиб турибмиз. Рақиб 10 киши бўлиб қолди, ҳакамлар ҳам бизга ёрдам берди.
Бу — ўртоқлик ўйини. Асосий вазифамиз — жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш. Шунинг учун Эрондек жаҳон даражасидаги жамоаларга қарши баҳслар бизга ёрдам беради.
Ғалаба 100 фоизлик даражада татимади, аммо футболда ҳар хил вазиятлар бўлади ва тарихда натижа қолади.
Эрон 10 киши бўлиб қолса ҳам яхши ҳимояланади. Буни жаҳон миқёсида ҳам исботлаган. Эртароқ гол уришимиз мумкин эди, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик. Эҳтимол, охирида гол урганимиз ширинроқ бўлгандир», — дейди 29 ёшли яримҳимоячи Sport телеканалига берган интервюсида.
Эслатиб ўтамиз, форслар 5-дақиқадан бошлаб камчиликда ўйнаган баҳсни қирғизистонлик Нурзат Абдуқодиров бошқарди.