Live
6
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Рақибни муаммолари биз учун қизиқ эмас»

Эксклюзив
13 сентябр, 15:12
    4
Mатбуот анжуманида «Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмоилов ва жамоа сардори Анвар Ғофуров иштирок этишди.
Ислом Исмоилов: «Рақибни муаммолари биз учун қизиқ эмас»
Фото: Нефтчи ПФК

14 сентябр куни «Нефтчи» клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақаси доирасидаги илк ўйинини Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасига қарши ўтказади. Ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмоилов ва жамоа сардори Анвар Ғофуров иштирок этишди.

Ислом Исмоилов: - Аввало, мухлисларни Фарғонага узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси қайтаётгани билан табриклайман. Албатта, бу клуб учун жуда катта ютуқ. Бу йўлда жуда кўп инсонлар меҳнат қилишди. Эртанги учрашувга жамоа ҳар томонлама катта тайёргарлик кўрди. Ўйлайманки, эртага барча ўзбекистонлик ишқибозларни ғалаба билан хурсанд қиламиз.

Анвар Ғофуров: - ОЧЛ Элит мусобақасини бошлаш арафасидамиз. Худо хоҳласа, Фарғона халқига, ушбу мусобақада ўйнашга ҳаракат қилдик. Эртанги учрашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага Фарғона халқига байрам улашишга ҳаракат қиламиз.

- «Нефтчи»ни мусобақани «Эйр Форс»га қарши бошлаши қанчалик яхши?

Ислом Исмоилов: - Мусобақада осон рақибни ўзи йўқ. Ўз номи билан Элит Осиё Чемпионлар лигаси ва бу ерга ўз мамлакатини энг яхши жамоалари ташриф буюрган. «Эйр Форс» жамоаси ҳам 6 карра Ироқ чемпиони. Тўғри, охирги пайтларда уларни чемпионатида омадсизлик бўлаётган бўлиши мумкин. Лекин бизни вазифамиз буларга эътибор қаратиш эмас, балки ўз ўйинимизга эътибор қаратиш. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар олдимизга қўйилган, талаб қилаётган ўйин услубимиз бор. Тезликда, юқори интенсивликда ва вертикал футболни кўрсатиш. Сабаби, Осиё даражасидаги клубларга рақобат қилиш учун бизга айнан шу ўйин услуби керак бўлади. Бунинг устида тинимсиз ишлаяпмиз. Шуни ҳисобга олган ҳолатда рақиб ким бўлмасин, барчага бир хил кўз билан қараймиз. Ҳамма рақибни ҳурмат қиламиз ва барчага қарши бор кучимиз билан курашамиз.

- «Нефтчи» ОЧЛга бироз кутилмаган формада етиб келяпти. Бир ой олдин ҳам жамоа жуда ажойиб формада эди. Трансферлар ҳам амалга оширилди. Учта янги ўйинчи эртага майдонга тушишга тайёрми? Сафарда Бухоро ва Қаршида 10 та гол ўтказиб юборилди ва марказий ҳимоя сизни хавотирга солмаяптими?

Ислом Исмоилов: - Албатта, бу ҳар бир жамоада бўладиган ҳолат. Доимий равишда барқарор ўтказишни имкони йўқ. Бунга бир нечта омиллар сабаб бўлиши мумкин. Кўриб турганингиздек, таркибимизда жуда катта йўқотишлар бор. Хоҳлаймизми-йўқми, бу ўйин жараёнига таъсир қилади. Лекин биз ҳар бир футболчига ишонч билдирамиз. Ҳар бир мусобақани ўзига яраша руҳияти ва тайёргарлиги бор. Ўзбекистон чемпионати ва ОЧЛ Элит умуман бошқа даража, буни барча тушуниб турибди. Бу ерда руҳият катта роль ўйнайди. Футболчилар ҳам ушбу турнирга катта хоҳиш билан тайёргарлик кўришяпти. Узоқ кутишди. Жамоамизни охирги пайтларда барқарор ўйин кўрсатмагани ОЧЛ Элитга умуман таъсир қилмайди. Аста-секинлик билан яна ўз ҳолатимизга қайтяпмиз. Жароҳатдаги футболчилар ҳам клуб ихтиёрига қайтишяпти. Мавсумни муҳим палласини ҳам шиддатли якунлашни истаймиз.

- Рақибни ўрганган пайтингизда катта хавф туғдирадиган жиҳатларни ҳам ўргандингиз. Бунга қарши қандайдир тактикаларни ишлаб чиқдингизми?

Ислом Исмоилов: - Албатта, рақибни охирги 5-6 та учрашувларни кўрдик. Камчилик ва ютуқ томонларини таҳлил қилиб чиққанмиз. Ҳар бир жараёнга алоҳида режа ишлаб чиққанмиз. Буни устида машғулотларда ишладик. Бунинг самарасини эртага майдонда кўрсатамиз.

- Саволим Анвар Ғофуровга. Ўзингизда ҳеч қандай руҳий босим йўқми? Жамоада йигитларни кайфияти қанақа?

Анвар Ғофуров: - Анча йиллардан бери Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашни ҳавас қилардим. Худога шукр, шу кунларга етиб келдик. Кайфиятимиз аъло даражада. Футболчиларда босим йўқ. Эртага оптимал ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Таркибга янги қўшилган легионерларни мослашуви қандай кетяпти ва эртага уларни асосий таркибда кўрамизми?

Ислом Исмоилов: - Янги футболчиларга келадиган бўлсак, таркибимизга эндигина қўшилишди. Ҳозирдан таркиб бўйича аниқ маълумотларни очиқламайман. Уларни жамоага тезроқ мослаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Улар ҳам тажрибали, яхши савиядаги футболчилар. Ушбу йигитлардан ҳам кўп нарса кутяпмиз. «Нефтчи»ни янада кучайтириш учун трансфер бозорида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
- Клубда жароҳатланганлар бор. Бу сизни режангизга қанчалик таъсир кўрсатяпти?
Ислом Исмоилов: - Ҳар бир футболчини жамоада ўз ўрни бор. Бир ўйинчи четда қоладиган бўлса, бу ўз-ўзидан ўйинга таъсир қилади. Таркибимизда уларни ўрнини тўлдирадиган ва керак пайтда ёрдам бера оладиган ўйинчилар кўп. Эртага йўқотишлар ўрнини билинтиришмайди. Бу вазиятдан чиқиб кетиш учун барча ишларни амалга оширамиз.
- Рақиб жамоа устози бизда йўқотишлар бор, деб айтиб ўтди. Бундан қанчалик фойдалана оламиз?
Ислом Исмоилов: - Бошида ҳам айтиб ўтдим-ку, уларни муаммолари биз учун қизиқ эмас. Уларни йўқотишларига, чемпионатида нечанчи ўринда кетаётганига умуман фокус қаратганимиз йўқ. Бор эътиборимизни ўз ўйинимизга қаратяпмиз. Бу битта ўйин ва ҳар нарса бўлиши мумкин. Эртага ўзимиз хоҳлаган ўйинни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Ботирали Эргашев охирги учрашувларда омадсиз ўйинларни ўтказяпти. Фарғоналиклар уни қўллаб-қувватлашмоқда. Умуман, дарвозабон масаласида режаларингиз қандай?

Ислом Исмоилов: - Ҳозир ҳеч нарсани ўйлаганимиз йўқ. Ўйлаётганимиз эртанги учрашувда ғалаба қозониш. Ботирали Эргашевни доим қўллаб-қувватлаймиз. Жамоа учун жуда кўп меҳнат қилган. Битта хато билан уни пастга уриш нотўғри бўлади. Ботиралига ишонамиз. У ҳам бу нарсаларни тушуниб турибди ва ўзида ҳам катта иштиёқ бор. Ишончли ўйинлари билан яна қайтадан мухлислар меҳрини қозонади. Бу учрашувни қайтадан оёққа туриши учун жуда катта вазифани бажариб бера олади.

- Янги олиб келинган ўйинчилар анчадан бери ўйнашмаган. ОЧЛ Элит олдидан бу катта таваккалчилик эмасми? Улар қанчалик тайёр? Ҳар ҳолда 5 ойдан бери футбол ўйнамаган.

Ислом Исмоилов: - Айнан қайси футболчи?

- Cассе ва Аугусто бўйича.

Ислом Исмоилов: - Сассега келадиган бўлсак, унда жароҳат йўқ. Мавсумни яхши ўтказган. Ҳа, охирги марта майда ўйнаган. Лекин у 29 ёшда ва жуда катта потенциали бор. У биринчи марта майдонга тушаётгани йўқ. Футболда шунақа ҳолатлар бўладики, яхши даражадаги ўйинчи йиллар давомида жароҳатлар олади, лекин қайтгандан кейин жамоа унга ишонч билдиради. Шуни ҳисобидан Сассе жуда тажрибали ўйинчи, уни ҳар томонлама ўрганиб чиққанмиз. Ўйин услубимизга мос келгани учун жамоага жалб қилганмиз. Машғулотларда ўзини тўлиқ кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Мишелга келсак, жароҳат сабаб мавсумни тўлиқ ўтказа олмаган. Лекин ҳозир унда ҳеч қандай жароҳати йўқ. Тикланиш жараёни ёш футболчида тез кечади. Маркус ҳам охирги учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушган. Жароҳати йўқ. Жамоага жалб қилинган барча футболчиларни жароҳати йўқ.

- Янги келган ўйинчилар қанча муддатга шартнома имзолашди?
Ислом Исмоилов: - Футболчиларни шартномалари узоқ муддатли. Ярим йил ёки бир йил эмас.

Анвар Ғофуров: - Легионерларимизни яхши кутиб олдик. Жамоага яхши қўшилиб кетишди. Машғулотларда кўряпмиз, биз билан яхши чиқишяпти. Мураббийлар кузатишяпти ва улар кимни ўйнатишни ўзлари билишади.

- Миллий жамоа устози Фабио Каннаваро жамоани янгилаймиз деди. Сиз ҳам миллий жамоадан чақирув олдингизми?

Анвар Ғофуров: - Тўғриси, жароҳат олгандим ва ҳозирда спорт формамни тиклаб боряпман. Ҳали кимларни чақирганини билганим йўқ. Чақирса қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Мураббий кимни яхши формада қабул қилиб, чақирса бу мураббийни қарори. Чақирмаса хафа бўлмаймиз, тўғри тушунамиз. Футболчи мураббий фалсафаларига мос тушиши керак», - дея матбуот анжуманида мураббий ва футболчиларнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

4 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар