Live
1
Ўзбек

«Футболни алдаб бўлмайди, Суперлигага чиқиш имкониятимиз йўқ эмас» - «Металлург» бош директори клубда нимани ўзгартирди?

Эксклюзив
2 октябр, 13:23
Tribuna.uz журналисти эса Шавкат Саидов билан суҳбатлашди.
«Футболни алдаб бўлмайди, Суперлигага чиқиш имкониятимиз йўқ эмас» - «Металлург» бош директори клубда нимани ўзгартирди?
Фото: Металлург ПФК

Бекободга яна катта футбол қайтиб, маҳаллий мухлислар бундан хурсанд, албатта. Ҳозирда про лигада қатнашаётган «Металлург» клуби олдига Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилган. Бироқ бу вазифани бажариш йўлида турли қийинчиликларга дуч келинаётгани бор гап. Бу борада раҳбариятда, мураббийлар штабида ва таркибда ҳам ўзгаришлар кузатилди.

Жумладан, яқинда клуб бош директори лавозимига Шавкат Саидов қайтарилди. Билсангиз, у «Металлург» фаолиятини тўхтатишидан олдин узоқ йиллар давомида ушбу жамоада директор сифатида ишлаб келган. Эътиборлиси, шундан кейин клубни натижалари ижобий кўриниш ола бошлади.

Эндиликда у клубни кучлилар орасига қайтаришдек муҳим масъулиятни зиммасига олган. Tribuna.uz журналисти эса Шавкат Саидов билан суҳбатлашди.

- Шавкат ака, сиз яна «Металлург» клуби бош директори лавозимига қайтдингиз. Бунгача «Бунёдкор» академиясида фаолият кўрсатиб келгандингиз. Биламизки, «Металлург» сиз учун жуда қадрдон жамоа саналади. Илгари у ердан кетганингизда яна қачондир қайтишингизни ҳис қилдингизми ва бу амалга ошишига ишонганмидингиз?

- Хабарингиз бор, ўша 2024 йили жамоамиз билан бирга матонат кўрсатиб, «Металлург»ни Суперлигада сақлаб қолгандик. Шундан сўнг бизга шунақа хабар келдики, комбинатимизни иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, жамоамизни Суперлигада иштирок этмаслигини айтишди ва жамоа билан дўстона хайрлашдик.

Лекин бу жуда ҳам юракдан қийин кечди. Ҳақиқатан «Металлург» биз учун қадрдон ва юрагимизни бир парчасидек гап. Шундан сўнг кўп ўтмасдан «Бунёдкор»дан таклиф бўлди. Номдор клубни академиясига раҳбар бўлиб ишга ўтдим. Ўзим учун ажойиб бўлган бир ярим йилни ўтказдим. Яна кўп янгиликлар яратилди. Асосийси, бир ярим йил ичида жуда катта ишлар амалга оширилди. Спорт томонидан юксак натижаларга эришилди. Ҳар бир жамоамиз Тошкент шаҳар чемпиони бўлишди. Республикада яхши ўринларни эгаллашди. Бундан ташқари, ҳаммамиз яхши коллетив бўлиб, ажойиб натижаларга эришдик.

«Металлург» биз учун қадрдон клуб ҳисобланади. Комбинатимиз раҳбари Баҳодир Абдуллаевнинг ташаббуси билан жамоамиз яна қайтадан тикланди. Клуб очилишига бизни ҳам таклиф қилишди, жуда хурсанд бўлдик. Ўзинглар биласизлар, «Металлург»ни ўзига яраша номи бор. 1998 йилдан бери элитада иштирок этиб келади. Жамоани про лигада қатнашишига рухсат берган мутасаддиларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Яхши жамоа йиғилди. Фақат бироз кеч йиғилгани сабабли балки натижалар кўнгилдагидек бўлмаган бўлиши мумкин. Лекин футболни алдаб бўлмайди. «Бунёдкор»да ишлаган давримизда ҳам чин кўнгилдан «Металлург»ни ўйинларини кузатиб бордим. Биринчи даврадаги 3-4 та ўйинларига бордим. Ўша пайтда ҳам клуб раҳбарияти билан кўп фикр алмашдик. Ўзимизни раҳбарларни тавсияси билан қайтдик ва янгитдан иш бошладик. Бир йил клуб Суперлигада қатнашмаганлиги, академия орқага кетганлиги катта йўқотишга сабаб бўлди.

- «Металлург» клуби жар ёқасида эди ва бу йил жамоа яна ўнгланиб про лигада қатнаша бошлади. Олдига Суперлигагага қайтиш вазифаси қўйилди. Аммо кўп очколар йўқотилди. Натижада сизни қайтаришди ва натижалар ҳам ўзгариб, жамоа учинчи ўринга кўтарилди. Ишни нимадан бошладингиз?

- «Металлург» олдига юқори вазифа қўйилган. Лекин сиз ҳам узоқ йилдан бери футбол ичидасиз, биламизки, бир йилда бўладиган иш эмас. Олдинги раҳбарият ҳам, мураббий ҳам жонини бериб ишлагани яққол кўриниб турибди. Кўп очко йўқотилганлиги жамоани яхши тайёргарлик кўрмагани ёки селекция яхши қилинмагани эмас. Ҳамма клубда ҳам селекцияда хатолар бўлади. Бизни бошимиздан ҳам ўтган. Про лига даражаси Суперлигага яқинлашмоқда. «Ғазалкент», «Республика ФА», «Лочин» каби ёш жамоаларда яхши футболчилар йиғилган. Бундан ташқари, 4-5 та клуб олдига Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган. Ўйинлар жуда кескин ўтяпти.

Ишга келганимдан кейин нимани ўзгартирдик? Табиийки, селекцияда яна ўзгаришлар қилдик. Мураббийлар штабида ўзгаришларни амалга оширдик. Буни ҳаммаси филасофиямизга боғлиқ. Натижаларга келадиган бўлсак, тажрибали ва иқтидорли ёшларни йиғганмиз. Бу ижобий натижаларга сабаб бўлади, деб ўйлайман. Кўпроқ профессионал жиҳатларга эътибор беришни бошладик. Мусобақадаги ўрнимиз ўзидан-ўзи бўлгани йўқ. Профессионал жихатга кўпроқ эътибор беряпмиз. Бу талаб футболчиларга ҳам қўйилди, мутасаддиларга ҳам. Ҳамма ўз ишини бажарса барибир натижага эришилади, деб ўйлайман. Ҳамма ишлаб чиқилган режа ва дастур бўйича ишлаяпти. Худо хоҳласа, имкон борича ҳаракат қиламиз. Лекин бу осон иш эмас. Тузилмага, кадрларга ҳам эътибор бердик. Селекцияда ҳам анча ишлар амалга оширилди. Айтганимдек, футболни алдаб бўлмайди, бу бир кунлик иш эмас. Ишлашда давом этамиз. Ҳамма ҳам хато қилади. Ички интизом, ташкилий тузилмани янгиланиши ва талабни оширсак ўзимиз хоҳлаган натижага эришамиз.

- Аввалги бош мураббий Илҳом Мўминжонов пайтидаги «Металлург» билан Илёс Қурбонов бош мураббийлик қилаётган «Металлург» ўртасидаги фарқ нимада?

- Назаримда, бу бироз қалтисроқ савол. Илҳом Мўминжонов билан анча йилдан бери бир-биримизни таниймиз ва ҳурматимиз бор. Илҳом ҳам тажрибали мураббийлардан. Илёс Қурбонов ҳам кўплаб тажрибали мутахассислар билан ёнма-ён ишлади. Уни ҳам ўзига яраша тажрибаси бор. Мўминжоновни ўйин фалсафасида кўпроқ ҳужумга эътибор бериларди. Натижаларни ҳам қарасангиз, чиндан ҳам ҳужумкор футбол тарафдори. Илёс Қурбонов ҳам ҳужумкор футболни яхши кўради. Лекин жамоавий ҳимояни тартибга келтиришда фарқи бор деб ўйлайман. Иккаласи ҳам биргаликда ишлашди. Илҳом Мўминжоновга Илёс Қурбонов ҳам иккинчи даврани тайёргарлигидан ёрдам берди. Бу ерда иккаласини ҳам ўрни бор. Раҳбарият келишиб, ҳозиргача Қурбонов вақтинча бош мураббий лавозимида ишлаяпти. Ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Иккала мураббийни ажратмаган бўлардим. Аммо ҳозирги «Металлург»да тартибли футбол намойиш қилишга ҳаракат қилиняпти.

- Умуман олганда, жамоани Суперлигага қайти имкониятини қандай баҳолаяпсиз?

- Суперлигага чиқиш имкониятимиз йўқ эмас, бор. Қолган ўйинлардан кейин яна биламиз. Ҳар бир учрашувга максимал даражада ғалаба учун чиқамиз. Имкониятимизни рақамлаб айта олмайман. Бу – футбол. Ҳозир бир нарса десам, эртага бошқача бўлиши ҳам мумкин. Ўйлайманки, имконият охиригача сақланиб қолинади.

- Клуб инфратузилмаси ҳам янгиланди. Ҳозирда жамоани янгитдан қуриш борасида қандай ишлар ва режалар амалга оширилмоқда?

- 2024 йил билан солиштирадиган бўлсак, анча оқсоқланиш кўзга ташланганлиги маълум бўлиб турибди. Инфратузилмани 2016-2017 йилдан зинама-зина бошлагандик. 2021 ва 2022 йиллари Суперлига клублари орасида инфраструктураси учталикка кирадиган жамоа эдик. Сабаби, ҳамма шароитларимиз аъло даражада эди. Нима керак бўлса, ҳамма шароит бор эди. Ажойиб академия қурилди. «Реал»ни «Эл Голазо» академияси билан ҳамкорлик қилдик. Бугунги кунда ҳам академияни шароитини энг яхшиларидан деб айта оламан. Фақат 2023 ва 2024 йиллар давомида ўйинларимизни Олмалиқда ўтказдик. Чунки асосий майдонимиз чимини алмаштириш масаласи бор эди. Ўша даврда қолган инфратузилма борасида энг яхшилардан бири эдик. Албатта, камчиликлар бор, буларни аста-секин бартарф этамиз. Инфратузилма биринчи навбатда маблағга боғлиқ бўлади. Кейин уни сақлаш учун ҳам яна маблағ керак бўлади. Биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Янгича давр, янгича фикрлар. Тузилмамизда тижорат маркетинг ва медиа бўлимини биргаликда қилиб очганмиз. Яхши мутахассислар таклиф қилганмиз. Имкон даражасида боқимандаликни тарк этиб, ўзимизни сайъ-ҳаракатлар билан пул топиб, инфратузилмамизни юқори даражага олиб чиқмоқчимиз. Мақсадимиз «Металлург»ни эски номи ва мавқеини қайтариб, ундан-да юқорироққа олиб чиқиш. Клубимиз прездиенти билан янги лойиҳалар устида маслаҳатлашяпмиз. Бир нечта вариантлар бор. Улардан бирига тўхталадиган бўлсак, кейинги интервюларда билиб оласизлар. Ҳаммаси биринчи навбатда молиявий ҳолатга боғлиқ. Иккинчи ўринда эса клуб академияси фалсафасига боғлиқ. Иккала вариантда ҳам ишлаш қизиқ бўлади. Чунки аниқ мақсад бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундан ўзбек футболи ва айниқса, Бекобод футболи ютади. Ҳаммасига вақт керак. Кўрпага қараб оёқ узатиш лозим.

Осиё ўйинларида Японияга қарши ўйиндан хурсанд бўлдим. Академиямизни биринчи қалдирғочлари - Самандар Муратбоев академиямизни илк тарбияланувчиларидан ва ҳозир «Насаф»да. Қанот ҳимоячиси Рўзимбой Файзуллаев, Равшан Хайруллаев кабилар ҳам бизда таҳсил олган. Қолаверса, олимпия терма жамоамиз сафида «Металлург»дан Саидумархон Саиднуруллаев ҳам ўйнамоқда. Хурсанд қиладигани, ўша пайтда академиямиз тўғри йўлдан борган. Қолаверса, академиямизни яна бир нечта тарбияланувчилари ҳозирда бир қатор клубларда тўп тепишяпти.
Охирги 4-5 йилда ўзбек футболида олдинга катта силжиш бўлди. Ҳаммаси ҳукуматимизни, Муҳтарам Юртбошимизни футболга қаратаётган эътибори, айниқса болалар футболига қаратаётган эътибори ўз мевасини беряпти. Турли терма жамоаларимизда ҳамма академияни болалари ўйнашяпти. Олдинлари кўпроқ «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф» академияларидан олинарди, ҳозир эса деярли барча академиялардан бор. Катта рақобат бўляпти. Шу даражани ушлаб турсак, биз учун Япония, Корея, Эрон каби жамоалар бош оғриқ бўлмайди. Улар учун биз бош оғриғи бўламиз.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Металлург Металлург
Бугунги янгиликлар