Кабо-Верде миллий жамоаси дарвозабони Возиня 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштирокидан кейин машҳурлигининг ошиши ҳаётига қандай таъсир қилгани ҳақида гапирди.
40 ёшли футболчи турнирдан сўнг ижтимоий тармоқларда миллионлаб обуначиларга эга бўлган. Бироқ унинг таъкидлашича, машҳурлик билан бирга шахсий ҳаёт ва хотиржамликнинг бир қисми ҳам йўқолган.
«Мен хотиржамлигим ва осойишталигимни йўқотдим. Энди шахсий ҳаётим қолмади ёки ҳеч бўлмаганда аввалгидан анча камайди. Ҳозир кўчага чиқсам ёки ресторанга борсам, доимо мен билан суратга тушишни ёки дастхат олишни истайдиган кимдир топилади. Ёки бундан ҳам ёмони, кимдир мени суратга ола бошлайди. Ҳаётимда энг кўп ўзгарган нарса шу ва менимча, бунга ҳеч нарса қилиб бўлмайди», — деди Возиня.
Футболчи машҳурлик ва оммавийликни кўпчилик фақат ижобий жиҳатлари билан тасаввур қилишини таъкидлади.
«Кўпчилик машҳур бўлишни ва омма эътиборида бўлишни орзу қилади, аммо бундай ҳаётнинг фақат ижобий томонларини кўради. Ростини айтсам, агар менга ҳозирги ҳаётим билан аввалги ҳаётимдан бирини танлаш имконияти берилса, аввалги ҳаётимни афзал кўрардим», — дея унинг сўзларини Sports.ru келтиради.
Эслатиб ўтамиз, Возиня 2026 йилги жаҳон чемпионатида Кабо-Верде миллий жамоаси сафида иштирок этган.
Маълумот учун, 40 ёшли дарвозабон айни вақтда «Коло-Коло» клубида тўп тепмоқда.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади