«Динамо» ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов фаолиятини «Рубин»да давом эттириши мумкин, дея хабар берди инсайдер Иван Карпов.
Манбага кўра, Қозон клуби 22 ёшли марказий ҳимоячи билан музокаралар олиб бормоқда. Клублар мулоқотда ва нарх борасида келишишга уринишмоқда.
Карпов Ўрозовни нидерландиялик ҳимоячи Маттейс де Лигтга таққослади.
«Йигит Де Лигтни жуда эслатади. Худди шундай «квадрат», агрессив, кўпинча олдинга ўйнайди ва ўз кучини ишлатади. Шу билан бирга, унга мослашувчанлик ва позициявий саводхонлик етишмайди. Умуман олганда, бу 190 сантиметрлик ҳимоячи учун оддий ҳолат. Айниқса, анча ёш ҳимоячи учун. Муносиб мураббийлик иши билан бу камчиликларни ё яшириш ёки тажриба билан бутунлай бартараф этиш мумкин, — деди инсайдер.
Маълумот учун, Жаҳонгир Ўрозов «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2024 йилдан бери «Динамо» клубида тўп тепиб келади.