ОКМК ёзги трансфер ойнаси доирасида хорватиялик футболчи Иван Пешич билан шартнома имзолаганини расман эълон қилди.
34 ёшли футболчи мавсумнинг иккинчи қисмини Олмалиқ клуби сафида ўтказади. Томонлар ўртасидаги меҳнат шартномаси жорий мавсум якунига қадар амал қилади.
Пешич профессионал фаолияти давомида Европанинг қатор клубларида тўп сурган. У Хорватиянинг U-19 жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Фаолияти давомида Руминиянинг «Динамо» Бухарест ва «Киндия», Украинанинг «Ворскла», Беларуснинг «Динамо» Минск, шунингдек, Қозоғистоннинг «Шахтёр» Қарағанда, «Каспий» ва «Қайсар» клубларида ҳам ўйнаган.
ОКМК раҳбарияти тажрибали футболчининг халқаро тажрибаси, тезкорлиги ва ҳужумдаги самарали ҳаракатлари жамоанинг ҳужум чизиғини янада кучайтиришига умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК Ўзбекистон Суперлигасининг 12-турида 17 июл куни меҳмонда «Навбаҳор» билан ўйнайди.