Бразилиялик ёш футболчи Эстевао Виллиан нима сабабдан «Манчестер Юнайтед» таклифини рад этиб, «Челси»ни танлаганини очиқлади. 18 ёшли футболчи Лондон клуби узоқ муддатли лойиҳаси унинг мақсадларига кўпроқ мос келишини айтди.
Эстевао «Палмейрас»дан кетишдан олдин бир нечта инглиз клублари билан музокара олиб борган. «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм» ва «Ноттингҳэм Форест» ҳам унга қизиқиш билдирган. Бироқ якунда «Челси» тақдим этган лойиҳа устун келган.
Футболчи Лондон клуби ёшларни асосий таркибга дадил жалб қилаётгани ва мунтазам ўйин амалиёти беришга тайёрлиги ҳал қилувчи омил бўлганини таъкидлади. Унинг фикрича, айнан мунтазам дақиқалар Англия чемпионатида тезроқ ўсиш имконини беради.
«Оилам бошқа клублар билан ҳам учрашди, аммо эътиборимни тортгани «Челси» бўлди. Уларнинг лойиҳаси бошқача эди. Бу жамоа сенга кўпроқ имконият беради, кўпроқ майдонга тушасан. Мен учун идеал келажак шу ерда деб ўйладим, чунки кўпроқ дақиқалар оламан. Мен дунёнинг энг яхши футболчилари қаторида бўлишни истайман. Ўз салоҳиятимни биламан ва «Челси»га нималар бера олишимни ҳам», — деди Эстевао.
У ўз ўйин услубида кимдан илҳомланишини ҳам яширмади:
«Неймар. Ўша даражага чиқишим мумкинми, буни вақт кўрсатади», — дея қўшимча қилди бразилиялик футболчи.