Жанубий Корея футбол ассоциацияси (KFA) 2011–2012 йилларда терма жамоа ўйинларига ҳакамлик қилган хорижлик ҳакамлар учун интим хизматлар кўрсатилган массаж салонларига корпоратив карталар орқали тўлов қилган. Бу ҳақда Жанубий Корея Маданият, спорт ва туризм вазирлигининг 2016 йилдаги аудитига оид ҳужжатларни эълон қилган JTBC хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, KFA камида еттита учрашув олдидан Сеул, Чангвон ва Улсандаги массаж салонларидаги хизматлар учун 198 мингдан 750 минг вонгача маблағ тўлаган. Бу учрашувлар орасида 2014 йилги Жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичи доирасидаги Жанубий Корея – Кувайт баҳси ҳам бор.
Yonhap агентлиги маълумотларига кўра, мазкур учрашувларда ишлаган ҳакамлар Япония, БАА, Эрон, Баҳрайн ва Ўзбекистон каби мамлакатлардан бўлган. Бироқ айнан қайси ўзбекистонлик ҳакамлар ушбу хизматлардан фойдалангани ҳақида очиқланган маълумотларда аниқ исмлар келтирилмаган.
Ҳужжатларда қайд этилган ҳолатлар орасида 2012 йил 29 февралда Жаҳон чемпионати саралашининг Кувайтга қарши учрашуви ҳам бор. Ўша куни KFA корпоратив картаси орқали Сеулдаги массаж салонида икки ҳакам учун 500 минг вон тўланган. Ўша учрашувни япониялик ҳакам Юичи Нишимура бошлиқ ҳакамлар бригадаси ишлаган. Яна бир ҳолат 2011 йил сентябрида қайд этилган: Олимпиада саралашидаги Жанубий Корея – Уммон ўйинидан икки ярим соат олдин Чангвонда тўрт ҳакам учун массаж салонида 760 минг вон тўланган. Бу учрашувни ўзбекистонлик машҳур ҳакамлар бригадаси бошқарган.
Ҳатто айрим тўловлар учрашувлар вақтида амалга оширилган. 2012 йил 14 март куни Жанубий Корея – Қатар ўйини давомида ҳакамлар фаолиятини кузатган комиссия аъзоси учун Сеулдаги массаж салонида 198 минг вон тўланган.
Жанубий Корея ушбу еттита учрашувнинг бирортасида мағлуб бўлмаган: бешта ғалаба ва иккита дуранг қайд этилган. Бироқ хизматлар ҳакамларнинг қарорлари ёки учрашувлар натижасига таъсир қилганини тасдиқловчи далиллар очиқланмаган.
JTBC билан суҳбатлашган собиқ KFA ходимлари бундай амалиёт ўша даврда «одатий ҳол» бўлганини айтган. Собиқ ҳакамлик департаменти раҳбари эса ташаббус кўп ҳолларда ҳакамларнинг ўзидан чиққанини билдирган. Унинг айтишича, федерация ҳакамларга яхши муносабатда бўлиш ва улар билан илиқ алоқа ўрнатишга ҳаракат қилган.
KFA эса воқеалар қарийб 15 йил олдин содир бўлганини таъкидлади. Федерация маълумотига кўра, 2013 йилдан корпоратив карталардан массаж салонлари ва караокеларда фойдаланишни тақиқловчи «тоза карталар тизими» жорий қилинган.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади