«Навбаҳор» бош мураббийи Шерзод Жўраев Суперлига 29-туридан ўрин олган «Машъал» (0:0) билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Рақибнинг сўнгги икки ўйинини ҳам таҳлил қилиб чиққандик. Улар «Қўқон-1912» ва «Насаф»ни мағлуб этишган, шу сабаб руҳий устунликка эга эди. Бизда эса марказда Жамшид Болтабоев ва Бенжамин Тейди каби жиддий йўқотишлар бор эди. Шунингдек, Муҳаммадали Ғиёсов ҳам йўқ эди. Натижада ротация қилдик, Комил Тожиддинов ва Шерзод Ғуломжонов каби маҳалий футболчиларимизга имконият бердик. Йигитларга раҳмат айтаман. Улар борларини беришди. Бор масаллиқдан овқат пиширишга ҳаракат қиляпмиз.
Бугун ортга кўп пас берганимиз? Аслида мен доим фақат олдинга узатма бериш ва кўплаб хавфли вазиятлар яратиш тарафдориман. Аммо бугун марказдаги асосий ўйинчиларимиз йўқлиги боис боғламлар яратишга қийналдик. Шу сабаб дарвозабон билан кўп ўйнадик. Ўз навбатида «Машъал»нинг юқори прессингини ҳам таъкидлаш керак», — дейди Жўраев.