Live
2
Ўзбек

«Саволларга жавоб йўқ» — Инфантинонинг маслаҳатчиси ундан норози бўлиб, истеъфо берди

Футбол
31 июл, 09:17
Кордейро FIFA'нинг ЖЧ ҳуқуқларини сотиш бўйича режаларини кескин танқид қилиб, шунчаки қараб туролмаслигини айтди.
«Саволларга жавоб йўқ» — Инфантинонинг маслаҳатчиси ундан норози бўлиб, истеъфо берди
Foto: Getty Images

Жанни Инфантинонинг катта маслаҳатчиси Карлос Кордейро FIFA президентининг Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш режаларига норозилик билдириб, истеъфога чиқди.

«FIFA президентининг катта маслаҳатчиси, собиқ банкир ва содиқ футбол мухлиси сифатида мен FIFA Жаҳон чемпионатидаги улушни сотиш масаласини кўриб чиқаётган бир пайтда четда тура олмайман. Аниқлик киритмоқчиман: бу таклифга ҳеч қандай алоқам йўқ ва унга қатъий қаршиман. Бу FIFA'га аъзо ассоциациялар, футбол ва унинг узоқ муддатли келажаги учун ёмон келишувдир.

Футбол ҳар доим ҳаётимнинг марказида бўлиб келган. Банк соҳасида 35 йилдан ортиқ ишлаганимдан сўнг бу активнинг қийматини ҳам, унинг қисман бошқа томонларга ўтказилиши қандай оқибатларга олиб келишини ҳам тушунаман. Шунинг учун ушбу таклиф рад этилиши керак.

FIFA аллақачон улкан молиявий имкониятларга эга. Ташкилотнинг миллиардлаб доллар захира маблағлари бор ва қарзи йўқ. FIFA президентининг ўзи 2022 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда 15 миллиард доллар даромад олинганини маълум қилган. Агар аъзо ассоциациялар футболни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар зарур деб ҳисобласа, FIFA бу ёрдамни мавжуд ресурслари ҳисобидан амалга ошириш учун етарли молиявий имкониятларга эга.

Шундай шароитда футболнинг энг қимматли активида доимий улушни 4,2 миллиард доллар олиш учун сотиш мантиққа тўғри келмайди. Бу футбол келажагини ҳеч қандай асосли сабабларсиз гаровга қўйиш билан баробар.

Бундай иқтисодий муваффақият тасодифан юзага келмаган. У FIFA’нинг тижорий рекордларини янгилаган тажрибали футбол мутахассислари томонидан яратилган. Шунга қарамай, ҳозир FIFA янада катта қиймат яратиш учун ташқи инвесторларни жалб қилиш зарурлигига ишонмоқда. Мен бу таклифни қабул қилмайман. Бу муваффақиятга эришган инсонлар FIFA футболни ҳам, унинг тижорий келажагини ҳам ривожлантириш учун етарли тажрибага эга эканини аллақачон исботлаган.

Энг хавотирли жиҳат — асосий саволларга жавоб йўқлиги. Нега айнан бу келишув? Нега айнан ҳозир? Қандай назорат механизми мавжуд? Бундан ким манфаат кўради? Танлов асосида саралов ўтказилдими? Қандай бошқарув тизими жорий қилинади? Инвесторлар охир-оқибат нима олади ва бу футбол учун қандай нархга тушади?

Бу саволлар ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда. Шунга қарамай, FIFA ташкилотга аъзо ассоциациялардан 50 кун ичида улкан аҳамиятга эга қарор қабул қилишни талаб қилмоқда, акс ҳолда улар ортда қолиш хавфи бор. Бу жаҳон футболи келажагини белгилашнинг масъулиятсиз усулидир.

Бу таклиф FIFA келажаги учун ҳал қилувчи масалага айланди. Чуқур ўрганиб чиққач, мен энди FIFA президентининг катта маслаҳчиси сифатида ишимни давом эттира олмайман. Шу сабабли истеъфога чиқиш қарорини қабул қилдим ва у дарҳол кучга кирди.

FIFA’нинг вазифаси ҳар қандай нарх эвазига тижорий фойдани максимал даражага етказиш эмас. Унинг вазифаси — келажак авлодлар учун футболни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш. Бу тамойиллар тўқнаш келганда, биринчи ўринда футбол туриши керак.

Мен учун беш йилдан ортиқ вақт давомида FIFA’га хизмат қилиш ва футбол тақдирига бефарқ бўлмаган, садоқатли ва принципиал инсонлар билан ёнма-ён ишлаш катта шараф бўлди. Умид қиламанки, улар ҳам ўз фикрларини билдиришади, чунки бундай кўламдаги қарорлар фойда олувчилар қабул қилинмаслиги керак»,
— деди Кордейро Sky News нашрига.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Жаҳон чемпионати Жаҳон чемпионати
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

3 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар