Live
2
Ўзбек

«Реал» ноқулай рақиби меҳмони, Лондонда дерби, «МЮ» Ливерпулга боради. Ҳафта ўйинлари анонси

Футбол
21 феврал, 10:20
Ҳафтанинг энг муҳим 5 ўйинини томоша қилинг.
«Реал» ноқулай рақиби меҳмони, Лондонда дерби, «МЮ» Ливерпулга боради. Ҳафта ўйинлари анонси
Фото - Getty Images

Дам олиш кунлари еврофутбол мухлисларини бир қатор қизиқарли ўйинлар кутиб турибди. Tribuna.uz ўз анъанасига кўра, уик-энднинг қуйидаги марказий ўйинларини томоша қилишни тавсия қилади.

Осасуна – Реал

Шанба, 22:30

Ҳафта ўйинлари анонсини қизиқ бир факт билан бошлаймиз: «Осасуна» Ла Лигадаги кетма-кет 32 та уй ўйинида гол урган. Серия қарийб 2 йил давом этяпти, шунинг учун «Реал» уни узади, деб ўйлаш соддалик бўлади. Демак, «қаймоқранглилар» ушбу уик-эндни шартли 0:1 ҳисобида бошлайди.

Ўтган мавсум «Осасуна» уйда на «Барселона»га, на «Реал»га ютқазган. Ҳозир эса 5 турлик мағлубиятсиз серияда - сўнгги йиллардаги энг яхши формасида. Интрига ўйлаб топишнинг ҳожати ҳам йўқ: бу «Реал»нинг қоқилиши мумкин бўлган ўйини.

Ҳозир мадридликлар хаёлан «Бенфика»га қарши жавоб ўйинида. Ҳафта ўртасида Португалия пойтахтида жуда катта куч сарфлашди. «Реал» мавсумдаги энг қийин сафарлардан бирига ноқулай паллада йўл оляпти. Очко йўқотиш эҳтимоли жуда юқори.

Манчестер Сити – Ньюкасл

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси, 01:00

Бу баҳсни Ҳусанов учун ҳам кўрамиз. Аммо Диаш қайтди ва ўйнашга тайёр, Геҳи - катта маошли ҳимоячи, демак асосий таркибда жойи кафолатланган. Абдуқодир учун «чемпионлик раундлари» бошланмоқда: ё ҳозир ўзисиз бўлмаслигини исботлайди, ё мавсум охирида яна захирага ўтиради. У «Нюкасл»га қарши асосий таркибда тушиши мумкин. Ва масалан, Гордонни «ейиши» мумкин. Ёки кубокда бўлганидек Волтемадени.

Чемпионлик пойгасидаги имкониятларни сақлаб қолиш учун «Ман Сити» «Арсенал»нинг қоқилишидан фойдаланиб, «канонирлар»га яқинлашиши шарт. Уддачидан чиқишадими? Ҳафта ўртасида «Нюкасл»нинг Чемпионлар лигасидаги топ-ўйинидан кейин шубҳалар бўлиши мумкин.

Аталанта – Наполи

Якшанба, 19:00

«Аталанта»да ҳужум чизиғида футболчилар етишмовчилиги ҳатто бироз кулгили кўринади. Де Кетеларе жароҳат олган. Шу сабаб Распадори ҳам йўқ. Лукман сотилди. Ҳозир Палладино ихтиёрида учта позиция учун камида 6 та яхши марказий ҳимоячи бор, аммо ҳужумда Скамакка ва бир нечта номаълум футболчилар.

«Наполи» ҳам муаммосиз эмас: Де Брюйне йўқ. Ди Лоренцо йўқ. Ррахмани йўқ. Балки Мактоминей ва Ангисса ҳам йўқдир. Хуллас, таркиб борасидаги муаммолар етарлича.

Ғалаба энг кучли жамоаники эмас, балки бошланғич таркибдаги муаммоларни яхшироқ ёпган мураббийники бўлади. Палладинога қарши Конте! Идеал таркиблардаги дуэлни кўришни истардик, аммо нима ҳам қила олардик…

Тоттенҳэм – Арсенал

Якшанба, 21:30

«Арсенал»нинг АПЛдаги охирги 7 ўйинида атиги 2 ғалабага эришилган. Ҳафта ўртасида чемпионат доирасида аутсайдерга қарши очко йўқотилди. «Ман Сити» билан орадаги фарқ 5 очко, аммо «шаҳарликлар»да битта захира ўйини бор. Ҳаммаси такрорланяпти: «канонирлар» баҳоргача лигада етакчилик қилади, кейин эса орзудаги совринни рақибга бериб қўяди. Ёки бу сафар бошқача бўладими?

Жамоа ҳали ҳам чемпион бўлишига ишонмоқдами? Жавобни якшанба кечқурун дербида беришга ҳаракат қилади. Ҳа, инқироздаги «Тоттенҳэм»га қарши. Аммо бу энди Тудор бошчилигидаги «Тоттенҳэм». У жамоани ўйинга тайёрлай олади. Лондон дербиси кўп нарсани ваъда бермоқда.

Эвертон – Манчестер Юнайтед

Душанбадан сешанбага ўтар кечаси, 01:00

«Қизил иблислар» атрофида ҳар доим шов-шув кўп, ютишса ҳам, ютқазишса ҳам. Ҳозир эса ютяпти: Кэррик қўл остида АПЛда 15 очкодан 13 тасини олди. Ҳаммага гол урди. Анча гол ўтказди. Майдонда жуда қизиқарли ва очиқ ўйнади.

«Эвертон» майдонида ҳам шундай давом этадими? Осон бўлмайди. Ливерпулликлар АПЛнинг охирги 6 ўйинида фақат 1 марта ютқазди ва топ-8гача кўтарилди. Кўп йиллардан бери биринчи марта еврокубокларга жуда яқин. Душанба оқшомида бу баҳсни албатта кўриш керак.

Бугунги янгиликлар