Live
2
Ўзбек

Осиё чемпиони бўлган тандем – Ҳусанов билан порлаган Ўрозов миллий жамоагача қандай йўлни босиб ўтди?

Эксклюзив
30 март, 07:45
Жаҳонгир 3 йил аввал Абдуқодирдан қимматроқ нархда трансфер қилинганди.
Осиё чемпиони бўлган тандем – Ҳусанов билан порлаган Ўрозов миллий жамоагача қандай йўлни босиб ўтди?
Фото - Getty Images

Ўзбекистон миллий жамоаси сафидаги расмий дебютида гол урган ва иккита яққол голли вазиятни қайтариб, Габонга қарши баҳснинг энг яхши ўйинчисига айланган Жаҳонгир Ўрозов кўпчилик эътиборига тушди. Аслида эса 22 ёшли ҳимоячи роппа-роса 3 йил аввал Абдуқодир Ҳусанов билан ҳимоя тандемини ташкил қилиб, Ўзбекистон ёшлар жамоаси билан Осиё кубоги ғолибига айланганди. Ҳусанов 100 минг еврога «Ланс»га, Ўрозов 300 минг евро эвазига турк клубига ўтган, аммо 19 ёшли ҳимоячининг Туркиядаги фаолияти ўхшамаганди. Вадим Абрамовнинг Жаҳонгирни «Динамо»га чақириши ёш ҳимоячининг фаолиятида бурилиш ясади.

Ҳусанов – Ўрозов тандемининг бошланиши

Жаҳонгир Ўрозов ва Абдуқодир Ҳусанов «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари бўлиб, айнан ушбу ҳимоя тандеми клубнинг турли ёш жамоаларида бирга ҳаракат қилган. Шу тариқа, Равшан Ҳайдаров ёшлар жамоаси устози сифатида Ўрозов – Ҳусанов тандемига Ўзбекистон U20 жамоаси ҳимоя марказини ишониб топширганди.

Бу ҳимоя жуфтлиги 2023 йил Ўзбекистон U20 жамоасида порлаб чиққан ва ёшларимиз Тошкентдаги Осиё кубогида чемпионликни қўлга киритган эди.

ЖЧ-2023дан кейин айро кетган тақдирлар

Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги 2023 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида бу дуэт очилиш ўйинида мезбонларга қарши саф тортган ва ёшларимиздан Маҳмуд Маҳаммаджонов ҳисобни очган бўлса-да, якунда Аргентина ғалаба қозонганди – 1:2. Шунга қарамай, ёшларимиз мезбонлар билан гуруҳдан бирга чиқиб, турнирни 1/8 финалда якунлаганди.

Кўп ўтмай, Ҳусанов дастлаб 100 минг евро трансфер пули эвазига «Энергетик-БГУ»дан «Ланс»га, кейин эса «Ман Сити»га ўтган бўлса, Ўрозов эса 300 минг евро эвазига Туркиянинг «Эюпспор» клубига трансфер қилинганди.

Абрамовдан таклиф ва «Динамо» танлови

Ўзи учун янги муҳит бўлган турк клубида етарлича ўйин амалиёти берилмай захирада қолгач, Жаҳонгир фаолиятида энг тўғри қарорлардан бирини қабул қилди ва 2024 йил ярмида Вадим Абрамов таклифига кўра «Динамо» сафига қўшилди. Ўйин амалиёти ва янада ўсишни истаган 21 ёшли марказий ҳимоячи бир йил ичидаёқ «Динамо»нинг етакчиларидан бирига айланиб, Суперлиганинг энг яхши ҳимоячилари қаторида эътироф этила бошлади.

Вадим Карленовичнинг жамоавий ўйинида муҳим ролга эга бўйдор ҳимоячи 22 ёшдаёқ етакчилик қобилияти, барқарорлиги, голи ва узатмалари эвазига Самарқанд жамоасининг вице-сардорига айланди.

Каннавародан илк чақирув ва супердебют

Ўрозовнинг «Динамо»даги ўсишига эътибор қаратган Фабио Каннаваро илк бор ҳимоячини 2025 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон миллий жамоасига чақирди. Икки ой аввал – январ ойида эса Дубайдаги йиғинда Хитой миллий жамоасига (2:2) қарши ёпиқ ўтган баҳсда майдонга тушириб, синовдан ўтказди.

Жаҳонгир март ойидаги Габон ва Венесуэлага қарши ўйинлар учун чақирилган ўйинчилар рўйхатидан ҳам жой олгач, кўпчилик Каннаваро Ўрозовни асосий таркибга киритишини кутмаганди. Аммо бунгача 22 ёшли ҳимоячининг Суперлигадаги ўйинларини кузатиб келган италиялик мутахассис Абдуқодир Ҳусанов дисквалификация сабаб ўйинни ўтказиб юборган баҳсда Ўрозовга ишонч билдирди. У эса Габон билан ўйинда икки марта миллий жамоа дарвозасини голдан сақлаб қолди ва дебютида гол ҳам уришга эришди.

Шу тариқа, учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Жаҳонгир Ўрозовнинг 2026 йилги жаҳон чемпионатига бориш имконияти пайдо бўлди. Ҳусанов – Ўрозов ҳимоя тандемини навбатдаги мундиалда ҳам кўришимиз эҳтимоли юқори.

Трансфер баҳоси икки баравар ошган ҳимоячи

Майдонда ҳимоячиларга хос жанговарлиги билан ажралиб турадиган Жаҳонгирнинг трансфермаркет порталидаги баҳоси ҳам ошмоқда. «Динамо» сафига қўшилган пайтда 300 минг еврога баҳоланган 20 ёшли ҳимоячининг ҳозирги пайтдаги баҳоси 600 минг еврога баҳоланмоқда. У бу борада Самарқанд клубидаги энг қимматбаҳо иккинчи ўйинчи саналади.

Эрон клуби таклифини рад этган, Германия ва А Серия клуби эътиборидаги ҳимоячи

2025 йилда Ўрозов Эрон клуби таклифини рад этгани, унга Германия Бундеслигаси, Италия А Серияси клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида турли хабарлар тарқалган бўлса-да, Жаҳонгирнинг «Динамо» билан 2027 йил якунига қадар шартномаси борлигини унутмаслик лозим.

Суперлиганинг энг яхши ҳимоячиларидан бири қачонлардир «Динамо»дан савия жиҳатдан кучли хориж чемпионатига йўл олган тақдирда ҳам, Ўрозовнинг трансфери 2025 йилда амалга ошган Жоэл Кожонинг «Динамо»даги трансфер рекордини янгилаши аниқ.

Вадим Абрамов қўл остида жамоавий ўйин, италиялик собиқ ҳимоячи Фабио Каннаваро бошқарувидаги Ҳусанов билан аввалгидек тандем Ўрозовнинг янада ўсишига хизмат қилади. Ҳусанов – Ўрозов тандеми ЖЧ-2026да ҳам бош жамоамиз марказий ҳимоя қўрғонини ташкил этса ажаб эмас.

Бугунги янгиликлар