Швеция миллий жамоаси ҳужумчиси Виктор Гокереш Миллатлар Лигаси тарихида турнирнинг кетма-кет 7 та учрашувида гол урган биринчи футболчига айланди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Миллатлар Лигаси В дивизиони 4-гуруҳининг 4-турида швециялик форвард Руминияга қарши учрашувда гол урди. Бухарестда ўтказилган баҳс меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
28 ёшли ҳужумчи учрашувнинг 13-дақиқасида ҳисобни очди. Ушбу гол Виктор учун миллий жамоа сафида барча турнирларда кетма-кет урган тўртинчи голи ҳам бўлди.
Маълумот ўрнида, Гокереш Швеция миллий жамоаси сафида 41 учрашувда 25 та гол урган. Айни пайтда Грэм Поттер шогирдлари ўз гуруҳида 10 очко тўплаб, пешқадам бўлиб турибди.