Италиялик дарвозабон Жанлуижи Доннарумма «ПСЖ»ни тарк этиши ҳақидаги миш-мишлар фонида жамоа мухлисларига мурожаат қилиб, Париж клубида қолмаслигини тасдиқлади.
«Парижлик мухлисларга. Бу ерга келган биринчи кунимдан бошлаб майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам қўлимдан келган барча ишни қилиб, ўрнимни топиш ва «ПСЖ» дарвозасини ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим.
Афсуски, кимдир энди мен жамоанинг бир қисми бўла олмаслигим ва унинг муваффақиятларига ҳисса қўша олмаслигимни айтди. Бу мени жуда хафа қилди.
Умид қиламанки, мен яна бир бор «Парк де Пренс»да мухлислар кўзига қараб, улар билан хайрлашиш имконига эга бўламан. Агар бу содир бўлмаса, билинглар: сизнинг қўллаб-қувватлашингиз ва меҳрингиз мен учун жуда қадрли, мен буни ҳеч қачон унутмайман.
Жамоадошларим — менинг иккинчи оилам — биз бирга ўтказган ҳар бир жанг, ҳар бир кулги, ҳар бир лаҳза учун раҳмат. Сиз доимо менинг биродарларим бўлиб қоласиз.
Бу клубда ўйнаш ва бу шаҳарда яшаш мен учун шараф эди. Раҳмат, Париж!», — деб ёзди Доннарумма ижтимоий тармоқда.
Эслатиб ўтамиз, Доннарумма 2021 йилдан буён «ПСЖ» сафида ўйнаб келмоқда. Бу давр ичида у барча турнирларда 161 та ўйинда майдонга тушди ва уларнинг 56 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.