«Динамо»нинг Дубай иккинчи йиғинидаги илк рақиби маълум. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
«Янги мавсумга пухта тайёргарлик кўраётган «Динамо» жамоаси 6 феврал кунидан Бирлашган Араб Амирликларида иккинчи хориж йиғинига киришади.
Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги «Динамо» жамоасининг Дубай йиғинидаги дастлабки ўртоқлик ўйини Россиянинг 10 карра чемпиони «Зенит»га қарши бўлиб ўтади. Учрашув 9 феврал куни Абу-Даби шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
Самарқанд жамоаси январ ойидаги 1-йиғинда Абу-Дабида Москванинг ЦСКА клубини мағлуб (4:3) этгач, бу сафар Санкт-Петербург жамоаси билан ўйин борасида келишувга эришди. Қайд этиш лозим, Вадим Абрамов ва Сергей Семак шогирдлари сўнгги 2 йилда иккинчи бор тўқнаш келишмоқда.
Аввалги ўйин ҳам 2024 йил Абу-Дабида бўлиб ўтганди. Тез орада жамоамизнинг йиғин доирасидаги барча рақиблари ҳақида маълумот берамиз», — дейилади хабарда.