«Бунёдкор» футбол клубида ёрдамчи мураббий лавозимида ишлаб келган Сергей Арслонов 61 ёшда вафот этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистонлик мураббий футболчилик фаолияти давомида «Помир» (Тожикистон), «Кубан» (Россия) ва «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган бўлса, мураббий сифатида «Қизилқум», «Динамо» ва «Бунёдкор» клубларини бошқарган. Сергей Илёсович 2008 йилда Аҳмад Убайдуллаевнинг ёрдамчиси сифатида Ўзбекистон U19 жамоаси билан Осиё кубоги ва ёшлар ўртасидаги 2009 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки билан ном қозонганди. У ҳозиргача Илёс Зейтуллаевнинг ёрдамчиси сифатида ишлаётганди.
Tribuna.uz манбасига кўра, мураббий уч ҳафта аввал оғир хасталикка учрагани маълум бўлган ва тиббий муолажаларга қарамай, 22 сентябр куни вафот этган. Мураббийнинг дафн маросими бугун, 23 сентябр куни соат 12:30да Дўмбирабод қабристонида ўтказилади.
Tribuna.uz сайти Сергей Илёсовичнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, хусусан ўғли, «Нефтчи» жамоаси мураббийи Сергей Сергеевич Арслоновга ҳамдардлигини билдиради.