Ўзбекистонлик яримҳимоячи Бахтиёржон Қосимов Ироқнинг «Аманат Бағдад» аъзосига айланди. Tribuna.uz мухбири футболчи билан боғланди.
- Бахтиёржон, Ироқ клубига йўл олишингиз қай тариқа амалга ошди?
- Ҳаммаси бирданига бўлиб кетди. Ўзбекистонда трансфер ойнаси ёпилишига бир кун қолганида Ироқ клубидан таклиф келиб тушди. Ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлди. Таклифни ўрганиб чиқдим. Барчаси менга маъқул келди. Натижада бунга розилик бердим. Клуб билан бир йиллик битим имзоладим.
- Таклифни қабул қилишда иккиланиш бўлмадими?
- Йўқ. Яна бир маротаба легионер сифатида ўйнаш имконияти пайдо бўлди. Бундан ташқари Ироқ чемпионатида ўйнайдиган
биринчи ўзбекистонлик футболчи бўлишим ҳам қизиқ туюлди. Аслида бу мамлакат чемпионати Осиёда ўз ўрнига эга. Кучли лигалардан бири эканлиги ҳам таклифни қабул қилишимга сабаб бўлди.
- Оила аъзоларингиз томонидан қаршилик бўлмадими?
- Аввало таклиф бўлганидан сўнг дарҳол отам билан маслаҳатлашдим. Оила аъзоларим ҳам розилик беришди. Ҳеч қандай иккиланишлар бўлгани йўқ.
- Клуб томонидан яратиб берилган шароитлар сизга маъқул келдими?
- Албатта. Клуб шартномада кўрсатилган барча шароитларни яратиб берди. Бундан хурсандман. Ҳеч қандай муаммолар йўқ.
- «Аманат Бағдад» клубида сиздан ташқари яна нечта хорижлик футболчилар бор?
- Мендан ташқари яна 5 нафар легионер бор. Улар орасида «Вест Ҳэм», «Валенсия» ва «Галатасарой» каби клубларда ўйнаган Софиан Фегули ҳам бор. Бундай тажрибали футболчининг борлиги ҳам клубнинг ўз олдига юқори мақсадларни қўйганидан далолат.
- Мамлакатнинг об-ҳавоси қандай ва мослашишда қийинчиликлар йўқми?
- Ҳозирда бироз иссиқ ҳаво. Лекин иқлимга тобора мослашиб боряпман.
- Жамоангиз ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?
- Иложи борича энг юқори ўринлардан бирини эгаллашимиз керак. Умид қиламанки, биз буни уддасидан чиқа оламиз. Чунки жамоамизда яхши ўйинчилар тўпланган.
