CAFA-2025 финали доирасидаги Ўзбекистон – Эрон (1:0) учрашувидан кейин дастлаб миллий жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.
«Ҳаммани табриклайман! Осон ўйин бўлмади. Имкониятлар бўлди, аммо гол дарвозага ҳа деганда кирмади. Курашларга бой қийин ўйин бўлди. Худога шукур ютдик, раҳмат барчага.
Ҳакамлик? Эрон ўзи қачон рози бўлган? Бу уларга хос нарса. Эпизодларни кўрмадим, ВАР аралашди. Асосийси – ғалаба қозондик. Қолгани эса тарих.
Элдор Шомуродов? Бу турнирга жиддий қарадик. Элдор тажрибали футболчи, ёш эмас. У керакли пайтларда жамоани олдинга олиб чиқа олади.
Иккинчи бўлим бошида ёмон ўйнадик. Кераксиз хатолар қилдик. Кўрсатма бердим, экстра таймларда ишончли ҳаракат қилдик.
Элдорни ҳам, Сергеевни ҳам яхши қўриқлашди. Аббос, балки гавда жиҳатдан кичкиналиги учун эътибор беришмагандир.
Иккинчи бўлимда ҳам имкониятларимиз бўлди. Аммо гол уролмагач, футболчилар ҳам асабийлаша бошлашди.
Владимир Назаров тайёрмиди? Дарвозабонлар мураббийи билан ҳам гаплашамиз. Унга ҳам имконият бердик, миллий жамоа ҳавосини олса яхши. Ҳаммага имкон бердик ва уларнинг потенциалини кўрдик. Турнирда ўйинчиларни синаб олдик.
Ўткир Юсуповнинг жароҳати? Уни МРТ қилгандан сўнг биламиз. Оғриқ бор. Дарвозабонлар кам жароҳат олади. Шифокорлар кўришади. У тез орада сафга қайтишига умид қиламан», — дея Кападзенинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.