Кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари давом этди. Германия ва Англияда пешқадамлар чемпионлик сари одимлаётган бўлса, Италия ва Испанияда масала ҳали очиқ. Эътиборингизга дам олиш кунлари рўй берган воқеаларни ҳавола қиламиз.
«Манчестер Сити» Чемпионлар Лигаси сари қадам ташлади
«Челси»нинг кутилмаганда «Ипсвич» билан ўйинда дуранг ўйнаши «шаҳарликлар»нинг бу турдан сўнг 5-ўринда қолишига имкон яратди. Бешинчи ўрин эса маълумки, жамоага келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида қатнашиш имконини беради.
«Кристал Пэлас»га қарши ўйинлар доим голларга бой бўлиши ва камбэклар кузатилишига «Этиҳад»га келадиган мухлислар ўрганиб қолишди. Ўтган мавсумдаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда бир очко билан кифояланишган бўлса, икки йил олдин ҳам лондонликлар биринчи таймда 2:0 ҳисобида олдинда якунлаган, аммо сўнг Эрлинг Ҳоланднинг хет-триги «Сити»нинг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаганди. 4:2 ҳисоби ўтган мавсумда Лондонда ҳам қайд этилган, ўшандаям «Манчестер Сити» иродали ғалабага эришган.
Абдуқодир Ҳусановга келсак, у қаторасига учинчи ўйинда майдонга туширилмаяпти. Биринчидан, бу чап қанотда янги опция пайдо бўлгани туфайли Йошко Гвардиолнинг чап марказий ҳимоячига айлангани билан боғлиқ. Зеро мураббийлар чап марказий ҳимояга чапақай футболчини қўйишни афзал биладилар. Ҳусанов эса натижада жамоанинг етакчи ҳимоячиси Рубен Диаш билан рақобатлашишга мажбур бўлмоқда. Иккинчидан, миллий жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзенинг айтишича, «Борнмут»га қарши ўйиндаги тўқнашув туфайли Ҳусанов кичик жароҳат олган ва Пеп Гвардиола унинг тўлиқ тикланиши учун уни майдонга туширмасликни афзал билган.
Ён бермас Марко Дмитрович
«Барселона» охирги марта майдонни гол уролмай тарк этган ўйин 2024 йилнинг декабрида «Леганес»га қарши баҳсда содир бўлганди. Шундан кейинги 24 ўйинда жамоа ҳар ўйинда гол урил келди. Тўғри, «Леганес»га қарши кечган навбатдаги учрашувда каталонияликлар уч очко эгасига айланишди, аммо ягона голни меҳмонлар ҳимоячиси Хорхе Саэнс ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Бу дегани, «Барселона» футболчилари икки ўйинда ҳам Марко Дмитрович дарвозасини ишғол қила олмаган бўлиб чиқяпти.
Агар умуман ушбу мавсумни оладиган бўлсак, Флик шогирдлари яна бир ўйинда, Сосьедаддаги мезбонларга қарши учрашувда (0:1) майдонни гол ура олмасдан тарк этишганди. Лекин иккинчи даврада басклардан тўлиқ қасос олинди, 4:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. Демак ушбу мавсумда ҳозирча «Барселона»га қарши майдонга тушиб, улардан гол ўтказиб юбормаган ягона дарвозабон Марко Дмитрович бўлиб турибди.
Мбаппе Эл-Класикода ўйнайдими?
«Барселона» билан параллел равишда «Реал» ҳам ўз ўйинини кичик ҳисобдаги ғалаба билан якунлади. Бу ўйиндан кейинги асосий савол эса Мбаппенинг неча ўйинга дисквалификация қилиниши бўлмоқда.
Килиан Мбаппе қўполлиги учун ўйиннинг 38-дақиқасида тўғридан тўғри қизил карточка билан жазоланди. Одатда майдондан четлатиш кейинги ўйинни ўтказиб юбориш билан жазоланади, яъни Мбаппенинг «Атлетик»ка қарши кечадиган кейинги муҳим ўйинда майдонда туша олмаслиги аниқ. Аммо тўғридан тўғри қизил карточкалар шунингдек, алоҳида комиссия томонидан баҳоланади ва дисквалификация муддати янаям чўзилиши мумкин эди.
Аммо Мадрид жамоаси мухлислари хотиржам бўлишлари мумкин. Учрашув ҳаками Сото Градо Килианнинг ҳаракатини ўз ҳисоботида жиддий қўполлик эмас, тўп учун кураш сифатида баҳолаган ва бу фақат бир ўйинлик дисквалификацияни тақозо қилади. Франциялик ҳужумчи 26 апрел кунига белгиланган Қироллик кубоги финалида «Барселона»га қарши майдонга тушиши кутилмоқда.
«Нюкасл» «Арсенал»га яқинлашди, «МЮ»нинг хаёли эса Европа Лигасида
Қизиқ ҳолат, сўнгги ўн кунда «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛ ўринлари учун курашаётган уч жамоага қарши майдонга тушди ва фақат «Манчестер Сити»дан очко олди. Нюкаслдаги ўйинда танланган таркиб эса Аморимнинг энди Европа Лигасига бор эътиборни қаратаётганидан далолат қилади. Португалиялик мураббий ушбу ўйинга Магуайр, Каземиро, Доргу каби футболчиларга дам берди, 18 ёшли Амасс эса АПЛ доирасида илк бор майдонга тушди.
Бир неча ой олдин Аморимдан Европа Лигаси ҳақида сўрашганида, у бундай совринлар барибир мавсумни қутқариб қолмаслигини, ҳар ўйинда ривожланиб бориш муҳимлигини таъкидлаганди. Аммо реаллик бошқа – ушбу турнир ғолибига Чемпионлар Лигаси йўлланмаси тақдим этилади. Бу эса ўз навбатида қўшимча даромад, ҳамда трансфер бозорида устунлик беради. Табиийки, стратегик жиҳатдан Европа Лигаси ғолиблиги учун курашиш мантиқли. Олдинда турган 3-4 учрашувни муваффақиятли ўтказиб, совринга эга чиқиш мумкин. Ўз вақтида бошқа бир португалиялик мураббий шу йўл орқали ЕЧЛ йўлланмасини олганини унутмаган бўлсангиз керак.
«Нюкасл» эса бу ғалабадан кейин йўқотилган очколар бўйича учинчи ўринга кўтарилиб олди. Агар чоршанба куни «Кристал Пэлас»га қарши қолдирилган ўйинни ютса, Хау шогирдлари 59 очко билан тоза 3-ўринга кўтарилиб олишади. Уёғи «Арсенал» билан фарқ атиги 4 очко қолишини ҳам таъкидлаш керак.
Айнан «МЮ» билан ўйин натижасига боғлиқ факт, «Нюкасл» 1930/31 мавсумидан бери илк маротаба бир мавсумда ҳар икки ўйинда ҳам «МЮ» устидан ғалаба қозонди.
«Ливерпул» чемпионлик остонасида
Мавсум тугашига 6 тур қолганда «Ливерпул» га чемпион бўлиши учун икки қадам етарли. Ушбу турда Слот шогирдлари «Вест Ҳэм» устидан 2:1 ҳисобида зафар қучишди. Ғалаба голини эса ўйиннинг сўнгги дақиқасида Виржийл ван Дейк урганида ҳам қандайди рамзий маъно бор. Яқиндагида Муҳаммад Салоҳ клуб билан шартномасини яна икки йилга узайтирган, шунингдек, нидерландиялик ҳимоячининг ҳам худди шундай келишувга эришиши вақт масаласи экани айтилаётганди. Мана шундай муҳим воқеа олдидан Виржийл яна бир бор жамоада ким эканини намойиш қилиб берди.
Айни пайтда «Арсенал» билан ўртадаги фарқ 13 очкони ташкил қилмоқда. Яъни яна 6 очко расман «Ливерпул»ни 20-марта мамлакат чемпионига айлантиради ва улар бу кўрсаткичда «Манчестер Юнайтед»га етиб олишади. Назарий томондан бу воқеа келаси ҳафтадаёқ содир бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. «Арсенал» мабодо Ипсвичда мағлубиятга учраб, «Ливерпул» Лестерда ғалаба қозонадиган бўлса, орадаги фарқ 16 тага етади ва беш турда буни йўққа чиқариш имконсиз.
«Бетис» муҳим ўйинда ютқазди
Ла Лигада 9 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмаётган, шу орада «Реал» ва «Барселона»га қарши ўйинларда 4 очко олишга муваффақ бўлган «Бетис» бу юришнинг мантиқий давоми сифатида «Виляреал» устидан ҳам ғалаба қозониши ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи бешинчи ўринга чиқиб олиши лозим эди. Аммо қарши ҳужумларда самарали ҳаракат қилган меҳмонлар 3-дақиқада гол ўтказган бўлишларига қарамай, оқибатда ғалабани илиб кетишди.
Айниқса иккинчи таймда мезбонлар тўлиқ устунликни қўлга олиб, бутун ўйин давомида 24 марта зарба йўллаган бўлишса-да, ўша 3-дақиқада голга айланган биринчи зарбадан бошқаси бефойда бўлиб чиқди.
Рим дербисида ғолиб аниқланмади
Бу сафарги Рим дербиси шунчаки пойтахтда кучли жамоани аниқлашдан ташқари, турнир нуқтаи назаридан ҳам муҳим эди – жамоалар 6-7 ўринларда боришаётган ва кучли тўртлик учун курашда давом этиш учун ғалаба қозониш талаб этиларди. Бироз тенг курашларда, вазиятлар борасида эса «Лацио»нинг устунлигида ўтган ўйин 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.
Ҳамюртларимиз учун бу ўйин албатта, Элдор Шомуродовнинг иштироки билан аҳамиятли. Элдор ўйиннинг 59-дақиқасида, «Рома» ютқазаётган пайтда яримҳимоячи Лоренцо Пеллегрини ўрнига майдонга тушди. Шу кунларда Шомуродовнинг нафақат Довбик ўрнига, балким у билан тандем сифатида ҳам самарали бўла олиши мумкинлиги ҳақида Раньерининг фикрлари чиққан эди. Элдор майдонга тушиб гол урмаган бўлса-да, айнан унинг ҳужумга қўшилиши фаолликни оширди, «Лацио» ҳимоячиларига қийинчилик туғдирди. Якунда «Рома» Шуленинг голи билан ҳисобни тенглаштирди.
Эдерсондан ажойиб рекорд
Эдерсон Мораиш «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда Жеймс Макэтининг голига ассист амалга оширди. Бу дарвозабон учун АПЛ даги еттинчи, ушбу мавсумда эса тўртинчи ассист сифатида қайд этилди. Ҳар икки кўрсаткич ҳам рекорд ҳисобланади.
Қизиғи, бу мавсумжа Англияда фақат 40 футболчида Эдерсондан кўп ассист бор. Эдегор, Кулушевски, Мартинелли, Силва, Санчоларда 4 та, Митома, Рэшфорд, Гундўған, Гакпо, Мадюеке, Вернер, Жота, Фоден, Бэйли, Қудус, Дарвин ва яна бир қатор ассист кутиладиган ҳужумкор футболчиларда ассистлар сони Эдерсондан кам. «Манчестер Сити»нинг ўзида эса Эдерсон голга айланган узатмалар бўйича фақат де Брюйне ва Савиньодан кейин учинчи ўринда бормоқда.
Яна бир факт, бу мавсум АПЛда дарвозабонлар ҳаммаси бўлиб 8 та ассист амалга оширишибди ва бунинг ярми бразилиялик посбонга тегишди.
Қ.Асланов тайёрлади