«Реал» Fly Emirates билан ҳомийлик шартномасини узайтирганини эълон қилди.
БАА авиакомпанияси «Реал»нинг футбол ва баскетбол жамоалари учун бош ҳомий сифатида 2031 йилга қадар қолади. Fly Emirates «Реал»га 2011 йилдан буён ҳомийлик қилиб келмоқда, 2013 йилдан эса бош ҳомий ҳисобланади.
«Шартнома доирасида компания эркаклар ва аёллар жамоаларининг расмий бош ҳомийси ҳамда расмий авиакомпанияси сифатида фаолият юритишда давом этади. Шунингдек, унинг бренди ўйин формаларида, машғулот кийимларида ва мураббийлар штаби либосларида акс этади. Ушбу янгиланиш Ла Лига тарихидаги энг узоқ ҳамкорликка айланиб, икки томон учун ҳам муҳим босқични англатади», – дейилади «Реал» баёнотида.
Маълум қилинишича, шартнома узайтирилгандан сўнг «Реал»нинг Fly Emirates билан ҳамкорликдан оладиган даромади бир мавсумда 70–80 миллион евродан 100 миллион еврогача ошади. Бу эса Мадрид клубини ушбу кўрсаткич бўйича рекордчига айлантиради.
Аввалроқ «қироллик клуби» Олисе учун янги таклиф тайёрлаётгани маълум қилинганди.