Кеча, 8 июн куни ЎзПФЛ ишчи гуруҳи Нукус шаҳрида бўлди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
«Сафар давомида Лига раҳбари Диёр Имомхўжаев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев билан учрашди ҳамда «Орол» футбол клуби ва «Турон» стадиони масаласида суҳбатлашди.
Айни вақтда «Орол» Пролига доирасида 10 та учрашув ўтказган бўлиб, мағлубиятсиз серия ҳамда 26 очко билан мусобақа пешқадами бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, «Орол» Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун асосий номзодлардан бири ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси «Орол» клубини ривожлантириш ҳамда «Турон» стадионини таъмирлаш масаласида барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Режага кўра, «Турон» стадиони шу йилнинг куз ойларида фойдаланишга топширилади.
Айни вақтда стадионга FIFA талабларига жавоб берадиган қоплама ётқизилган. Шунингдек, Лига талаби бўйича замонавий проекторлар тўлиқ ўрнатилган.
Ҳозирда сифатли телетрансляция имкониятини таъминловчи кабеллаштириш ишлари, камера платформаларини жойлаштириш, медиа трибуна, шарҳловчилар хонаси ҳамда матбуот анжумани залини ташкил этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
«Турон» стадиони учун VAR техникаси харид қилинган бўлиб, яқин кунларда уни ўрнатиш ишлари ҳам бошланади. Стадионнинг техник нуқталари Лига таклиф этган лойиҳа асосида амалга оширилган. Захира ўриндиқлари, кийим алмаштириш хоналари ва VIP ложалари замонавий кўринишда бунёд этилган.
Стадион 12 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, келажакда республика футболининг энг муҳим ва замонавий марказларидан бирига айланишига шубҳа йўқ. Режага кўра, Лига ишчи гуруҳи июл ойининг сўнгги ўн кунлигида Нукусга қайтади.
Маълумот учун, «Орол» куни кеча ОФК клубларни лицензиялаш шартларини муваффақиятли бажарган клублар сафига қўшилди. Бу клуб тарихидаги муҳим янгиликлардан бири ҳисобланади», — дейилади хабарда.