Мундиал старти яқинлашгани сари сизу, биз учун ҳаяжонли онлар бошланаётганини янада чуқурроқ ҳис қила бошлаймиз. Миллий жамоамизнинг тарихда илк маротаба жаҳон чемпионатидек ер сайёрасидаги энг нуфузли мусобақада иштирок этиши дарҳақиқат катта натижа.
Яқинда Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, футболчиларимиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб тарих яратиб бўлишган. Бу ҳақиқат! Бош мураббий Фабио Каннаваро эса йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ, дея ўйинчилардан иложи борича босимни олиб ташлаб, эркин тарзда ўз ўйинидан роҳатланишларини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Дунё футболи жамоатчилиги, медиа соҳасида табиийки, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳақида билдирилаётган фикр, мулоҳазалар, мақолалар кўпайди. Эътибор ва қизиқиш ортди. Хорижлик ОАВ вакиллари миллий жамоамиз ҳақида кўпроқ ёза бошладилар. Бу албатта биз учун ҳам муҳим.
Мисрлик тажрибали журналист Муҳаммад Шаддад Саудия Арабистонининг «Сауди спорт» нашрида фаолият олиб боради. Айтиш жоизки, у ўзбек футболига бефарқ эмас ва ўзи яхши биладиган маълумотларга ҳам эга. Куни кеча Tribuna.uz Муҳаммад Шаддад билан қизиқарли суҳбат уюштирди.
- Ниҳоят, катта футбол форуми бошланмоқда. Ушбу жаҳон чемпионати олдидан нималарни айтган бўлардингиз?
- Кутилмалар шуни кўрсатадики, бу ўзгача ва тарихий турнир бўлади. Нега деганда, бунда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Шуни ҳис қиляпманки, Аргентина кетма-кет иккинчи маротаба жаҳон чемпиони бўлишига умид қиламан. Техник томондан қараганда, кўпчилик Франция, Португалия, Испанияни асосий фаворитлар сифатида кўрмоқда. Шу билан бирга, кўплаб сенсациялар ҳам юз бериши ва Бразилия каби анъанавий гигантларнинг плей-оффнинг кейинги босқичларида пасайиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
- Миср миллий жамоасининг тайёргарлиги ва якуний таркибидан қониқдингизми?
- Мен қониққанман. Лекин Миср бош мураббийи Хоссам Хассан бошқа жамоаларга қараганда битта ортиқча дарвозабон чақиришга қарор қилди. Ҳолбуки, таркибдаги бир ўрин тажрибали бошқа ўйинчига берилиши мумкин эди, масалан, Францияда фаолият олиб бораётган Мостафа Муҳаммад каби футболчига.
Таркиб сифати ва захира кучи жиҳатдан жамоада Муҳаммад Салаҳ, Омар Мармуш, Маҳмуд Хассан Трезеге ва Муҳаммад Ал Шенавий каби тажрибали етакчилар бор. Шунингдек, «Ал Аҳли» ва «Замалек» клубларининг асосий футболчилари ҳам жамоанинг муҳим қисмидир. Бу таркиб футбол гигантларига қарши рақобатлаша оладиган даражада кучли.
Бизда гуруҳдан чиқиш ва муваффақиятли иштирок этиш борасида катта умидлар бор. Миллий жамоа бош мураббийи ва афсонавий собиқ футболчи – Хоссам Хассан бошчилигида ушбу турнир биз учун омадли кечишига умид қиламиз.
- Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ёдингиздами? Ўша ўйиндан кейин бош жамоамиз тўғрисидаги фикрингиз ўзгарганми?
- Ҳа, албатта. Мен бу ўйинни эслайман. Мен сизларни ютамиз деб ўйлагандим. Лекин сизларни табриклайман. Ўзбекистон каби ривожланиб бораётган Осиё футбол мактабларига қарши ўртоқлик учрашувлари тактик ва жисмоний камчиликларни аниқлаш учун жуда фойдали ҳисобланади. Фикримча, Ўзбекистон кучли жамоа.
Ростини айтсам, шунча иқтидорли футболчиларга эга бўла туриб, Ўзбекистон нега ҳали Осиё чемпионати совриндорлари қаторидан жой олмаганига ҳайронман. Умуман олганда, тезкорлик ва юқори жисмоний босимга таянадиган рақибларга қарши ўйнаганда жамоага кўпроқ мослашувчанлик керак, деб ўйлайман.
- Сиз шунингдек, ўзбек футболига қизиқасиз ва бир қатор ўйинчиларимизни яхши биласиз. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Ўзбекистон футболида сезиларли ўсиш кузатиляпти. Аммо ҳали ҳам ривожланиш давом этиши керак. Шунда биз ўзбек клубларини Осиё Элит Чемпионлар лигаси каби мусобақаларда совриндорлар қаторида кўришимиз мумкин бўлади. Трансфер бозори билан шуғулланишим сабабли Шерзод Темировни яқиндан кузатиб бораман. У ҳозирда Мисрнинг «Ал Аҳли» клубини ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсадларидан бири ҳисобланади, гарчи ҳозирча расмий таклиф юборилмаган бўлса ҳам.
Мендаги мавжуд маълумотларга кўра футболчи Ироқдан ташқарида янги синовга тайёр. Ҳар холда унинг бўлажак жаҳон чемпионатидаги ўйинларини кузатишни интиқлик билан кутяпман. Бундан ташқари, «Манчестер Сити» сафида мунтазам кузатиб бораётганим - Абдуқодир Ҳусановни ҳам яхши биламан. У ҳар бир ўйин орқали жуда катта тажриба орттирди. Дебютида йўл қўйган ва голга сабабчи бўлган хатосидан кейин у сезиларли даражада ўсиб, жуда кучли ҳимоячига айланди.
- Миллий жамоамиз ёки ўзбек футболи ҳақида сўнгги мақолангиз қандай эди?
- Ўзбекистон фуболи бўйича охирги ишларимдан бири яқин шарқдаги энг таниқли ўзбек ўйинчиларидан бири Жалолиддин Машарипов билан эксклюзив интервю эди. Ўша пайтда жуда мазмунли ҳамда самарали суҳбат бўлганди.
- Агар сизда яна миллий жамоамиз аъзоларидан интервю олиш имконияти пайдо бўлса, ким билан суҳбатлашишни хоҳлаган бўлардингиз?
- Мен Абдуқодир Ҳусановни танлаган бўлардим. Аввалроқ бу масалада «Манчестер Сити» орқали ҳаракат қилганман. Аммо улар мавсумнинг энг қизғин палласи бўлгани учун вақт ноқулай эканини айтишган. Нега айнан Ҳусанов? Чунки мен уни футбол оламининг энг ёрқин истеъдодларидан бири деб биламан. Унинг маҳаллий футболдан жаҳон даражасига кўтарилиш ҳикояси шубҳасиз жуда ҳам руҳлантиради.
- Мундиалда қайси жамоалардан сюрпризлар кутяпсиз?
- Жаҳон ва минтақавий миқёсда бўлажак турнирда етакчиларни ҳайратда қолдира оладиган жамоалар мавжуд. Португалия: гарчи таркибида таниқли юлдузлар бўлса-да, айрим мутахассислар уларни Франция ва Англиядан кейинги асосий фаворитлар қаторига киритмаяпти. Бироқ ҳозирги таркибдаги тажриба ва ёшлар уйғунлиги уларни жуда узоққа олиб бориши, ҳатто, барча кутганидан ҳам ошиб кетиб чемпионликни қўлга киритиши мумкин. Бу эса фаолиятидаги сўнгги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Криштиану Роналду учун ҳам улкан ютуқ бўларди.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.