Суперлига 15-тур доирасидаги «Машъал» – ОКМК (0:1) қарама-қаршилигидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
«Охирги ўйинларда ғалаба қозона олмаётгандик, шу боис йигитларда тушкунлик кайфияти бор эди. Лекин бугун ушбу нохуш серияга барҳам бериб қийин ғалабани қўлга киритдик. Иссиқ об-ҳаво ҳар икки жамоага салбий таъсир кўрсатди.
«Машъал» жамоасини яхши биламиз, тартибли ўйин намойиш қилади. Рақиб бизга қарши беш нафар ҳимоячи билан ўйинни бошлади, шунга қарамай стандарт вазиятдан гол уришга эришдик. Баҳс тақдирини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилишимиз мумкин эди, чунки кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Агар учта имкониятдан биттасини урганимизда ҳаммаси янада осонроқ бўларди.
Иккинчи бўлимда ҳам яхши ўйин кўрсатдик. Дарвозабонимиз муқрар голдан қутқарди. Энди қисқа танаффусга чиқамиз ва шундан сўнг иккинчи даврага ҳозирликни бошлаймиз. Иккинчи даврада ўзимизни кўрсатиб, аввалги мақомимизга қайтмасак бўлмайди. Ҳаммасига меҳнат орқали эришишга ҳаракат қиламиз.
Битта мақол бор: осилсанг баланд дорга осил. Биз ҳам шунга ҳаракат қиламиз. Мен қаерда ишлашимдан қатъи назар доим юқори мақсадларни қўйганман.
Муборакда ўйнаганимга ҳам 20 йил бўлибди. Ўша йиллари «Машъал»дан таклиф бўлганди. Кўпроқ футбол ўйнашни хоҳлагандим, аммо тақдир тақозоси билан 35 ёшда тугатишга мажбур бўлганман. Фаолиятимни Ўзбекистонда тугатишни хоҳлаганман. Футболга ниҳоятда қизиқувчи кишилар мени «Машъал»га чақиришганди. Ўша йил «Машъал» чемпионатни иккинчи ўринда тугатган. Муборакда уч йил йилни ўтказдим ва бу мен учун катта тажриба бўлган дия оламан.
Жарима зарбалардан қўйилмақом қилиб фойдаланиш учун Аллоҳ берган иқтидор ҳам бўлиши керак. Аммо иқтидорим йўқ экан деб қараб туриш ҳам нотўғри. Футболчи барибир ишлаши керак. Бунинг ҳам ўзига яраша меҳнати бор. Ўхшамаса ҳам ишлайвериш керак. Россияга кетганимда Гаджи Муслимович Гаджиев мен билан жарималар устида кўп ишларди. У кишидан кўп нарса ўрганганман. Коптогимиз унчалик зўр бўлмаган. Ҳозирги тўплар билан нималар қилса бўлади-я.», – деди мутахассис.