Суперлига 15-тур доирасидаги «Андижон» – «Бунёдкор» (0:2) қарама-қаршилигидан сўнг, мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
«Кўп гапиришдан фойда йўқ. Ёмон ўйин кўрсатдик. Учрашувдан аввал қандай ўйнаш кераклигини тушунтиргандик. Афсуски, барчаси аксинча тус олди. Футболчилар кўрсатмаларимизга тўлиқ амал қилишмади. Таҳлил қиламиз, ўрганамиз. Ўйинчиларимизнинг кўп қисми бундай учрашувларга тайёр эмас. Ёшлар ҳам дарров ўйнаб кета олмайди. Ўйин ташкил этиш ва яна бир қанча жиҳатларда бизга вақт кераклиги кўриниб турибди. Ўйинни ўзгартиришга қилган уринишларимиз ҳам таъсир кўрсата олмади. Доимгидек, асосий муаммоларимиз ҳимояда. Шу билан бирга яхши футболчиларимиз ҳам бор. Ўйлайманки, ҳаммаси изига тушиб кетади. Иккинчи даврада бошқача шаклланган жамоа пайдо бўлади, деб ўйлайман. Учрашувда бир қатор муаммоларимиз ҳам кўринди. Тегишли хулосаларни чиқарамиз.
Лукада жароҳат бор, у даволаняпти. Суперкубокда жароҳат олганди. Шу пайтгача ўйнамади. Жароҳатидан қутулишига оз қолди ва сафимизга қайтади. Марказий ҳимояда ҳимоячи бўлмаган Исмоналиев, Азимов кабилар бошқа позицияларда ўйнашга мажбур бўлдилар. Афсуски, бизда бошқа вариантлар йўқ эди.
Ким қандай ишласа, шунга яраша ўйнайди. Бу ҳақида ҳар куни ўйинчиларга айтаман ва буни улар яхши билишади. Бу нормал жараён деб ҳисоблайман. Машғулотларда борини бериб меҳнат қилиш керак. Бошқа йўл ҳам йўқ.
Илҳом Абдуғаниев нотўғри қилди, мен буни унга айтдим. Жаримага тортилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақорат қилганида жавоб қайтармаслигинг керак эди, хато қилдинг деб айтдим. Тўғриси, нимадир бақиришганини эшитмадим. Футболчи майдонга тушдими, ўз ишини қилиши керак. Мураббий эса натижага жавоб беради. Бошқа нарсага эътибор қаратмаслиги лозим. У ҳам трибунадаги ҳолатга эътибор қаратмаслиги керак. Биз бу бўйича гаплашиб оламиз ва тегишли хулосаларни чиқарамиз. Умид қиламанки, бошқа бундай ҳолат бўлмайди.
Усманов ва Саиднуруллаев бизга ўтади. Азмиддинов масаласи катта савол. Уни жалб қилиш осон бўлмайди. Футболчини яхши биламан, бизга фойдаси тегади. Раҳбарият билан уни ижарага олиш масаласини гаплашиб кўрамиз. Режалар бор ва буни амалга ошириш учун бироз вақт керак. Ўйинчиларни аввалдан биламан, креатив йигитлар.
Ҳозирча жамоани кимлар тарк этиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмайман. Футболчи меҳнат қилиши ва ўйнаши керак. Етарлича тажрибаси, амалийоти бўлмаган футболчини клубда олиб қолишдан маъно йўқ», – деди мутахассис.