Суперлига 15-тур доирасидаги «Андижон» – «Бунёдкор» (0:2) қарама-қаршилигидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Илёс Зейтуллаев ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
«Бизни яхши кутиб олишгани ва ажойиб муҳит яратилгани учун «Андижон» жамоаси ҳамда унинг мухлисларига миннатдорчилигимни билдираман. Ўтган йили ҳам бу ерга келгандим. Бу йил ҳам келдим. Стадионда ажойиб футбол спектакли ва муҳитини ташкил қилишди. Ўйинга келсак, бу ғалабада «Бунёдкор» клуби тизимида ишлаётган барчанинг ўз ҳиссаси бор. Базамиздаги барча ишчи-ходимларга ушбу ғалабани бағишлаймиз.
Темурхўжа бошланғич таркибда майдонга тушиши керак эди. Аммо футболчида катта бўлмаган муаммо бор эди. Шу боис шифокорлар билан келишган ҳолда уни захирада қолдирдик. Луис Качорри яхши ўйинчи эканлигини исботлади. Тўпурарлар борасида Ўзбекистондаги бошқа ҳужумчилар билан рақобатлашяпти. Ўз ўрнида мен Абдухолиқовдан ҳам хурсандман. Бизда яхши жамоа шаклланган, сифатли футболчиларимиз бор. Ким майдонга тушса, яхши ўйин кўрсатяпти. Биринчи давра тугади, энди биоз дам оламиз. Кейин иккинчи даврага тайёргарликни бошлаймиз.
Мен мураббийман. Қайси футболчи билан шартнома узайтириш масаласида маслаҳат беришим мумкин, аммо жамоамиз раҳбарияти бор. Кўп нарса уларга ҳам боғлиқ. Спорт директормиз ҳам бу масалада аниқлик киритиб олади, деб ўйлайман. Шартномалар, трансферлар билан раҳбарият шуғулланади.
Амонов шундай футболчики, машғулотларда яхши ишлайди. Ҳатто, терма жамоада ҳам ўйнаган. Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, йўлини топиб олиш учун баъзида қандайдир муддат ҳам талаб қилинади. Шу боис айта оламанки, жамоамиз билан унга ёрдам қўлини чўзяпмиз. Ўйлайманки, унинг ажойиб тарихи ва яхши ҳолати билан у позитив ўйинчи. Майдонга туширсам у албатта яхши ўйин кўрсатади. Азизда яхши инсонлик омиллари бор ва тезда яна ўз даражасига қайтади.
Ўз уйимизда ўйнаган пайтларимизда қийин ўйинлар бўлгандӣ. Баъзида уйимизда худдики, ёмон ўйнаётгандек туюлиши мумкин. «Нефтчи», «Сурхон», «Бухоро» каби клубларга қарши яхши ўйнадик. Уйда ёмон ўйнаб, сафарда яхши ўйнадик, деган факторни бунга боғламайман. Қандайдир ўтиш даври бўлгандӣ. Худога шукр, уйда ҳам, сафарда ҳам бир хил ўйнашга ҳаракат қилаяпмиз. Майдонда 11 нафар футболчи тўп суради ва биз доим яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз. Ўйинларимиз орқали мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этамиз», - деди мутахассис.