Бразилия миллий жамоаси ҳимоячиси Данило Криштиану Роналду билан бир жамоада ўйнаган даврларини эслаб, португалиялик футболчи ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
34 ёшли футболчи Роналду билан аввал Мадриднинг «Реал», кейин эса Туриннинг «Ювентус» клубларида бирга тўп тепган.
«Ҳа, мен у билан «Реал»да ҳам бирга ўйнаганман. Туринда у янада тажрибалироқ эди, бироқ барибир кўплаб голлар урар ва ҳар доим максимал даражада профессионал бўлиб қоларди.
У сизни ривожланишга, машғулотларда ва ўйинларда бор кучингизни беришга мажбур қилади», — деди Данило.
Ҳимоячининг таъкидлашича, кўпчилик Роналдуни ноодатий инсон сифатида тасаввур қилади, бироқ аслида ундай эмас.
«Одамлар Криштиануни гўёки бошқа сайёрадан келгандек тасаввур қилади. Аслида эса у оддий инсон. У кулади, оиласи билан вақт ўтказади ва ҳаётдан завқ олади.
Аммо шу билан бирга, у қилаётган деярли ҳар бир ишида футбол билан яшайди ва ҳар куни янада яхшироқ бўлишга интилади», — дея қўшимча қилди бразилиялик футболчи.
Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Португалия миллий жамоаси сафида иштирок этади.
Маълумот учун, Данило ҳам мундиал учун Бразилия қайдномасига киритилган тажрибали футболчилардан бири ҳисобланади.