Лионел Месси Адидас рекламасига суратга тушиш жараёнида жаҳон футболининг асосий талантларини — келажакда футбол тахтида унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ворисларини айтди. Аргентина миллий жамоаси ҳужумчиси ўзининг топ-10 рўйхатини тузди.
Қизиқ томони шундаки, Мессининг рўйхатида нафақат аллақачон танилган футболчилар, балки кўпчилик учун номаълум ўйинчилар ва ҳатто бир неча қизлар ҳам бор.
Ламин Ямал, «Барселона»
Бу ерда ҳаммаси аниқ. Ямал Месси билан жуда кўп жиҳатдан ўхшайди — ўнг қанот ҳужумчиси, «Ла Масия» тарбияланувчиси, майдонда фарқ яратадиган ноёб футболчи. 16 ёшида Ламин Каталония клубида ва Испания миллий жамоасида гол урган энг ёш ўйинчи сифатида турли рекордлар ўрнатди. Аслида, рўйхатдаги бошқа ўйинчилардан фарқли ўлароқ, у — аллақачон ҳақиқий юлдуз. 2024 йилда Ямал «Олтин тўп» номинациясида 8-ўринни эгаллади, бу эса унинг Испания сафида Евродаги чемпионлиги билан боғлиқ. Бу мавсумда «Барса» вингери ҳисобида 47 ўйинда 14 гол ва 22 ассист бор.
Кенан Йилдиз, «Ювентус»
Йилдиз Германияда туғилган, аммо Туркия ва Италияда ўзини кўрсатди. 19 ёшли вингер «Ювентус»да бир йил ичида брендга айланди. Регенсбургда катта бўлган ва «Бавария»да тарбияланган турк ўғлони 2022 йилда эркин агент сифатида Турин клубига қўшилди. Бу мавсумда Кенан 45 учрашувда 8 гол ва 5 ассистга эга. У кузда ПСВга гол уриб, «Ювентус» тарихида Чемпионлар Лигасида гол урган энг ёш ўйинчига айланди. У бу борада афсонавий Алессандро Дел Перони ортда қолдирди. Туркия миллий жамоаси сафида эса ёш Йилдиз аллақачон 19 ўйин ўтказди ва Ямал каби 2024 йилги Еврода қатнашди.
Элисс Бен-Сегир, «Монако»
Агар сиз Франция чемпионатига, аниқроғи, «Монако»га диққат билан қарасангиз, Бен-Сегирнинг рўйхатда эканлиги сизни ҳайратга солмайди. Бу — ҳақиқатан ҳам катта истеъдод ва бир кун келиб, монегаскликлар уни катта пулга сотиши кутилмоқда. Албатта, агар унинг фаолиятида кутилмаган воқеалар содир бўлмаса. Бу мавсумда 20 ёшли қанот ҳужумчиси 42 баҳсда 9 гол ва 4 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Миллий жамоалар миқёсида эса Бен-Сегир Франция ўрнига Марокашни танлади. 2024 йил мартида у Африка жамоасида дебют қилди ва бир йил ичида 10 ўйинда 3 гол ва 2 ассист қайд этди.
Антонио Нуса, «Лейпциг»
20 ёшли Нуса Нигерия ва Норвегия фуқаролигига эга. У Германия чемпионатидаги ўйинлари билан Месси эътиборини тортди. У 16 ёшида «Стабек» жамоаси таркибида Норвегия чемпионатида дебют қилди ва бир йил ўтгач, «Брюгге»да Чемпионлар Лигасида гол урди. «Порту» дарвозасига киритган тўпи уни еврокубоклар тарихида гол урган энг ёш иккинчи футболчига айлантирди. Шундай қилиб, бу қимматбаҳо тўпурар Белгияда узоқ қолмади. 2024 йил ёзида «Лейпциг» Нусани 21 миллион еврога сотиб олди. Бу мавсумда у немис жамоасида яхши ўйин кўрсатмоқда – 36 ўйинда 5 гол ва 8 ассист. Норвегия миллий жамоаси сафида эса 13 ўйинда 4 та гол уриб, 6 та голга ассистентлик қилди.
Ассан Уэдраого, «Лейпциг»
Рейтингни ўрганиб чиқиш жараёнида Месси «Лейпциг» ўйинларини бошқа жамоалардан кўпроқ томоша қилади, деган шубҳа туғилиши мумкин. Аргентинлик футболчи немис клубидан икки ўйинчини танлади! Ассан — фамилиясига қарамай, германиялик. У Мюлҳаймда Буркина-Фасо миллий жамоаси футболчиси Алассан Уэдраого оиласида туғилган ва «Шалке»да тарбияланган. 18 ёшли яримҳимоячининг ўйин услуби бокс-ту-боксга асосланган, у тезлиги ва яхши техникаси билан ажралиб туради. «Лейпциг» уни ўтган ёзги трансферлар ойнасида 10 миллион еврога сотиб олди. Аммо Ассан фақат 5 та учрашувда майдонга тушди, чунки у кетма-кет иккита марта тиззасидан жароҳат олди. Шунга қарамай, Лео унга ишонади.
Жоэл Ндала, «Ноттингҳэм Форест»
Бир қарашда кутилмаган фигура. 18 ёшли вингер «Манчестер Сити»га тегишли бўлиб, феврал ойида «Ноттингҳэм Форест»га ижарага берилган, лекин ҳозирда «ўрмончилар»нинг фарм-клубида ўйнайди. Ндала АПЛда ҳали дебют қилмаган. Эҳтимол, Месси бу иқтидор ҳақида Хосеп Гвардиолага маълум қилган ёки Лео Жоэлни 2023 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Англия U17 сафида кўрган бўлиши мумкин. Ўша турнирда вингер ҳар бир ўйинда (ҳатто Бразилияга қарши гуруҳ босқичида) гол урди ва 4 ўйинда 3 гол ҳамда 2 ассист қайд этди. Ҳозирда Ндала U19 жамоасида ўйнайди ва ўз услуби билан «Ман Сити»даги Жереми Докуни эслатади.
Клаудио Эчеверри, «Манчестер Сити»
Месси рўйхатга аргентиналик футболчини киритмаслиги мумкинми? Айниқса, Эчеверридек истеъдодли ўйинчини! 2023 йилги U17 жаҳон чемпионатида Клаудио Бразилия дарвозасига чоракфиналда ҳет-трик қайд этиб, «албиселесте»га 3:0 ҳисобидаги катта ғалабани келтирди. Турнирдан сўнг «Манчестер Сити» уни «Ривер Плейт»дан 18,5 миллион eврога сотиб олди, аммо ҳужумкор яримҳимоячини Буэнос-Айрес клубида йил охиригача ижарада қолдирди. 2024 йилги мавсумда Эчеверри 41 баҳсда 4 гол ва 6 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Яқинда 19 ёшли аргентиналик «Сити» таркибига қўшилди, лекин ҳозирча у Гвардиола жамоасида фақат машғулот ўтказмоқда.
Каван Салливан, «Филаделфия»
15 ёшли Салливаннинг рўйхатда бўлиши, эҳтимол, Месси томонидан АҚШга ҳурмат кўрсатиш истаги билан боғлиқ, чунки аргентиналик юлдуз ҳозирда «Интер Майами»да ўйнайди. Бироқ Салливан — ҳақиқатан ҳам истиқболли. Каван шу ёшида МЛСда 5 та учрашувда майдонга тушди. Ўтган мавсумда уч марта ўйнаган бўлса, бу мавсумда эса икки марта ҳаракат қилди. У ўзига берилаётган 5-10 дақиқа орқали тажриба тўплаяпти ва ўсмоқда. Бундан ташқари, «Филаделфия»нинг ҳужумкор яримҳимоячисини «Манчестер Сити» ҳам кузатмоқда. Салливаннинг бутун оиласи футболга алоқадор– отаси ва онаси турли даражаларда ўйнашган, акаси Крис Олбрайт эса АҚШ миллий жамоасида тўп тепган.
Жедин Шоу, «Норт Каролина Кариж»
Месси рўйхатига нафақат америкалик йигит, балки қизни ҳам киритди. 20 ёшли Шоу АҚШ миллий жамоасида форвард ёки ҳужумкор яримҳимоячи сифатида ўйнайди. У аллақачон 26 баҳсда майдонга тушиб, 8 гол урди. 2024 йилги Олимпиадада олтин медални қўлга киритди. Унинг отаси — афроамерикан, онаси эса ветнамлик ва Жедин АҚШ миллий жамоаси тарихида Ветнам давлати илдизларига эга биринчи футболчи ҳисобланади. Профессионал даражада у «Сан-Диего»да уч мавсум ўтказди ва 2025-йилда «Норт Каролина Кариж»га 450 минг доллар ва қўшимча бонуслар эвазига ўтди.
Вики Лопес, «Барселона»
Месси «Барселона»нинг аёллар жамоасини ҳам унутмади. Жамоанинг ўсаётган юлдузи Вики Мадридда туғилиб, футбол билан шуғуллана бошлаган, аммо 2022 йилда 16 ёшида Каталония пойтахтига кўчиб ўтди. У ҳужумкор яримҳимоячи позициясида ўйнайди. Лопес «Барса»да 46 ўйинда 10 гол урди. Жамоаси билан икки марта Испания чемпионлигига эришди ва икки бор ЕЧЛда зафар қучди. Вики 2024 йилда Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида «Golden girl» мукофотини олди. Вики отаси испаниялик, онаси нигериялик бўлганлиги сабабли миллий жамоани танлаш имкониятига эга эди. 2024 йилда у Испания миллий жамоасида ўйнашни танлади ва ҳозиргача 4 учрашув ўтказди.
Championat.comʼдан Аъзамжон Иззатиллаев таржимаси