Абдуқодир Ҳусанов қаторасига тўрт ўйиндан бери «Манчестер Сити»да захирада қолаётгани ва бу давр унинг миллий жамоа ихтиёрига келган ҳамда Эронга қарши у қадар ишончли бўлмаган ўйинидан кейинга тўғри келгани турли гап-сўзларга йўл очиши табиий эди, аммо фантазиялар бу қадар кенгайиб кетишини кутмагандик. Эмишки, Ҳусанов Пеп Гвардиола билан суҳбат чоғида уни «чемпион» демоқчи бўлиб, «шампун»га яқинроқ талаффуз қилгани-ю, бундан мураббий хафа бўлиб, Ҳусановни энди сотиб юбормоқчи бўлаётгани шунчалик абсурдки, буни Setanta шарҳловчиси ва MTRK Sport телеграм канали ҳам тарқатаётгани таажжубга солади. Аслида ҳеч қандай асоси бўлмаган, шунчаки, «Х» ижтимоий тармоғида 73 минг атрофида кузатувчига эга бўлган аккаунт томонидан тарқатилган «маълумотга» бу қадар эътибор берилиши шарт эмасди, менимча.
Ҳусановнинг Тошкентга ташрифи чоғидаги турли ролик ва тадбирларда кўрингани учун мураббий томонидан жазоланмоқда ёки спорт формасини йўқотиб қўйган, деган фаразлар ҳам вақт ўтиб асосини йўқотди, дейиш ҳам мумкин. Чунки майдонга тушмаётган бўлса-да, Ҳусанов «Лестер»га қарши ўйиндан ташқари, барча учрашувларда қайдномага киритилмоқда. Бирор тарбиявий қарор ёки спорт формасини тушиб кетгани сабаб бўлганида, Гвардиола уни қайдномага ҳам киритмаган бўларди, зеро мураббийнинг ўзи таркибнинг катталиги ва баъзи футболчилар рўйхатдан тушиб қолаётгани ҳақида алоҳида гапирди ҳам. Яъни, айни дамда «Сити» таркибида нафақат асосий таркибда, балки қайдномада ҳам Абдуқодирнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган футболчилар етарли. Келинг, қийинроқ йўлдан борамиз ва қаторасига ўйинларда майдонга тушган, ҳатто феврал ойида энг яхши деб топилган ҳамюртимизнинг бирданига асосий таркибдан четда қолиш сабабларини ахтариб кўрамиз.
Жамоа ҳолати
Аввало, шуни доим эслаш лозимки, Абдуқодир Ҳусанов таркибга келиб қўшилган пайтда «Манчестер Сити» жуда оғир ҳолатда, кадрлар етишмовчилигидан озор чекаётганди. Ҳусанов ҳар қандай ҳолатда майдонга ташланиши мумкинлигини атиги уч кундан сўнг «Челси» билан ўйнаганидан ҳам билсак бўлади. Аслида бу ҳолатнинг ўзи анормал, «Манчестер Сити»дек жамоада Ҳусановнинг захирада ўтириши ўта нормал қабул қилиниши лозим, менимча.
Майли, «Челси»ни қўшмасак, Ҳусановнинг мунтазам ўйнай бошлаши «Нюкасл»га қарши учрашувдан бошланиб, «Реал», «Ливерпул», «Тоттенҳэм», «Брайтон», «Ноттингҳэм Форест» билан давом этди. Агар ўша даврга назар ташласак, аввал Диаш йўқлиги учун Ҳусанов Аке ва Стоунз билан тандемда ҳаракат қилган бўлса, кейин Стоунз ҳам жароҳат олиб, Диаш қайтгач, охирги икки ўйинида айнан Диаш билан тандемда ҳаракат қилди.
Аслини олганда, энг бошидан Ҳусанов Диаш билан тандем эмас, айнан унинг позицияси учун яна бир номзод экани тахмин қилинганини эсласангиз керак. Чунки Ҳусанов ҳам Диаш каби ўнг оёқ футболчи ҳисобланади ва бу ўнг-марказий ҳимояда тўп суришни тақозо қилади. Замонавий мураббийларнинг деярли ҳаммаси чап-марказий ҳимояда чапақай футболчиларни танлаши сир эмас, сабаби, билд-апда ҳужумни бошлаш учун чап-марказий ҳимоячи тўпни чап қанот ҳимоячисига узатиши учун айнан чап оёқда ҳам яхши пас бера олиши қулай. Хуллас бу — узун мавзу.
Аммо бошқа вариант йўқлигидан тажрибали Диаш чап томонга жойлаштирилди. Шу позицияда ўйнаши мумкин бўлган, «Лейпциг» ва Хорватия миллий жамоасида чап марказий ҳимояда тўп сурган Йошко Гвардиол эса анчадан бери фулбек сифатида майдонга тушмоқда, чунки бу позицияда ҳам «Манчестер Сити»да бошқа номзод йўқ.
Хуллас, дастлабки икки ойда Абдуқодир Ҳусанов фаол тарзда ўйинларда қўлланилгани тушунарли, жамоада бошқа вариант ҳам деярли йўқ эди.
Тақвим ва янги вариантлар
«Борнмут»га қарши ўйинда Ник О'Райли иккинчи таймда майдонга тушиб, жамоани кучайтиргач, Пеп Гвардиолада ишлаши мумкин бўлган қўшимча опция пайдо бўлди. Бу ерда муҳим жиҳатни ҳам эътиборга олиш керак. Миллий жамоа билан боғлиқ танаффусдан сўнг «Манчестер Сити»нинг спорт формаси ва натижалари яхшиланди, бошқача услубда ўйнай бошлади. Сабаби, юқорида саналган рақиблардан фарқли равишда энди жамоанинг тақвими анча енгил – «Лестер», «Кристал Пэлас», «Эвертон» ва ҳатто «МЮ»га қарши ҳам «Сити» биринчи рақамда ўйнаши шарт, шунингдек, ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш кетаётгани учун ғалаба қозониш ҳам керак.
Таққослаш учун, ўша Ҳусанов майдонга тушган ўйинларда «Сити» ўртача 56 фоиз тўпни назорат қилган бўлса, кейинги ўйинларда бу рақам 65 фоизни ташкил қилмоқда. «Сити» дарвозасига йўлланган зарбалар сони аввалги ўйинларда бир ўйинга ўртача 12, ҳозир эса 8дан сал камроққа тўғри келмоқда. Бу «Манчестер Сити» ҳимояда кучли бўлиб қолганини эмас, жамоа сўнгги ўйинларда тўпни кўпроқ ўзида сақлаб тургани ва рақиб қаршилигига камроқ дуч келаётганини англатади. Бу сценарий Абдуқодир Ҳусанов учун эмаслигини аввалдан билар эдик. Никнинг чап қанотда самарали ўйнай бошлаши натижасида Йошко Гвардиол чап-марказий ҳимояда туша бошлади, Диаш ҳам ўзи учун энг қулай позицияга қайтди. Бу рокировка рақиб ҳужумларини қайтаришдан кўра, айни дамда манчестерликлар учун энг зарур вазифа – тўпни назорат қилиш ва ҳужум уюштиришни осонлаштиради.
Ҳоланднинг жароҳати
«Манчестер Сити»нинг услубидаги ўзгаришларга Эрлинг Ҳоланднинг жароҳати ҳам ўз таъсирини ўтказганини таъкидлаш керак. Ҳусановнинг захирага олиниши ва Холанднинг жароҳати деярли бир пайтга тўғри келди.
Аввалдан биламизки, Гвардиола услуби яримҳимоячиларнинг сон жиҳатдан максимал бўлишини тақозо қилади. Узоқ вақт айнан яримҳимоячилар ҳисобида Гвардиола ҳужумчисиз ҳам ўйнаганини яхши биламиз. Холанднинг трансфери эса мана шу услубдан бироз чекинишга мажбур қилганди.
«Манчестер Сити»да бошқа ҳужумчи йўқ. Холанднинг сафдан чиқиши шу туфайли, схемага яна бир яримҳимоячини қўшди. Ҳужумчи ўрнига яримҳимоячи тушиши эса жамоада ҳимоячиларга бўлган босимни камайтиради. Биринчидан, схеманинг ҳужумдан ҳимояга оғиши, иккинчидан, кўп яримҳимоячилар билан тўпни кўпроқ назорат қилиш имконияти энди Гвардиолага ҳимояда ҳам янгиликлар қилишга замин яратди. Аввал ҳимоядаги 4 позициядан фақат бир қанотда яримҳимоячига (Нунеш) ўрин берилган бўлса, энди иккинчи қанотда ҳам асл яримҳимоячини ўйнатиш имконияти пайдо бўлди. Табиийки, Гвардиола бундан фойдаланмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Гвардиола яққол ҳужумчи (Ҳоланд) ва яққол ҳимоячи (Ҳусанов) ўрнига икки яримҳимоячи туширмоқда. Шунингдек, Ҳоланд даврида жамоа кўпроқ узун паслар билан ва вертикал футбол ўйнаётгани туфайли тез-тез тўп йўқотишлар ва рақибда қарши ҳужум учун кўпроқ шароит яратиларди. Табиийки, ўша футболда Ҳусановга бўлган эҳтиёж каттароқ эди.
У қачон ўйнайди?
Хўш, у ҳолда, Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда қачон кутишимиз керак? Келаси мавсум роллар қандай тақсимланади? Ҳозирни эмас, умуман истиқболдан келиб чиқсак, Ҳусановдан фойдаланиш учун бир неча вариантлар мавжуд. Шуларни кўриб чиқамиз.
Биринчиси, Рубен Диашга ўринбосар сифатида. Юқорида айтилганидек, Абдуқодир Диашга тўғридан тўғри рақобатчи саналади. Ҳозирда Рубен энди жароҳатдан тиклангани, шунингдек, бошқа турнирлар йўқлиги туфайли, «Сити» анча енгил режимда ўйнаётгани туфайли таркиб ротацияга мухтож эмас. Аммо келаси мавсумда ҳар ҳафтада икки ўйин режими бошланганида албатта, Ҳусановдан кўпроқ фойдаланилишини кутиш мумкин. Шунингдек, Гвардиол клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати пайтида Диашга кўпроқ дам беришни хоҳлаши ва Ҳусановни кўпроқ тушириши мумкин.
Иккинчиси, юқорида Ҳоланд келгач, Пеп Гвардиоланинг яримҳимоячилардан фойдаланиш имконияти чекланганини айтиб ўтган эдик. Гап бу ерда Пеп системаси умуман ҳужумчидан фойдаланмаслигида эмас, Ҳоланднинг ўйин услубида ҳам. Ҳоланд Пепнинг аввалги ҳужумчилари Месси, Левандовски ёки Агуэродан фарқли равишда тўп назорати ва ҳужумларни ташкил қилишда фаол қатнашмайди. Унинг бир ўйинда 3-5 марта тўпга тегинган пайтлари ҳам бўлган.
Аввалги мавсумларда мураббий бунинг бошқа йўлини топганди – жамоа 3 марказий ҳимоячи билан ўйнар, қанотда эса керак пайтда таянч зонасига ўтиб ўйнай оладиган футболчилардан фойдаланганди. Яъни Ҳоланд ҳисобига камайган яримҳимоячилар сонини бир ҳимоячи ҳисобига кўпайтирганди. Шунинг учун ортда уч марказий ҳимоячили вариант ҳосил бўлган. Агар Пеп яна бу схемага мурожаат қиладиган бўлса, Абдуқодир бемалол Диаш билан ҳам бирга тўп суриши мумкин. Бу вариантда Ҳусанов ўнг марказий ҳимоячи, Диаш эса энг марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилади.
Тарбия ва Гвардиоланинг муносабати
Албатта, ҳозирги ҳолатнинг педагогик тарафи ҳам борлигини тўлиқ инкор қила олмаймиз. Ҳусанов ҳали жуда ёш, у бир йил ичида жуда катта сакрашни амалга оширди. Келибоқ жамоада ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Бу ҳолатда ҳар қандай инсон ўзини бироз йўқотиб қўйиши, реалликдан узоқлашиши мумкин. Абдуқодир Ҳусановда бундай муаммо борлигига ишонмайман, лекин Пеп Гвардиола ёки унинг штаби бу эҳтимолларни ҳам ҳисобга олиши табиий. Улар бекорда дунёнинг энг зўри эмас, ахир. Демак футболчининг руҳий ҳолатини мувозанатга қайтариш, бўлаётган ҳодисаларни тўлиқ англашга шароит яратиш учун ҳам бироз ўйинлардан узоқда тутиши ҳам мутлақо футболча қарор. Энг аҳамиятлиси, Пеп Гвардиоланинг Ҳусановга бўлган муносабати жуда яхши эканини эътироф этиш керак. Кечаги ўйин олдидан Гвардиола қуйидагиларни айтди: «Ҳозир таркибимиз катта. Бу менга ёқмайди. Баъзи футболчилар ҳатто қайдномага ҳам киролмай, уйда қолишди. Уйга бориб ойнага қарашади ва «мен бу ерда нима қиляпман?» деб савол беришади. Биз уларга ўз ишини қилишига имкон беролмаяпмиз».
Бир қараганда, анча тушунарсиз, мужмал фикрлар. Аммо давомини эшитганда, ҳаммаси ўрнига тушади. Гвардиола жароҳатлар кўплигини ва баъзи футболчилар мавсумнинг 25 фоиз ўйинларида ҳам тайёр бўлмаганини айтиб, уларни алмаштириш лозимлигини ҳам айтган. Яъни Пепга доим тайёр бўлган, доим ўйнайдиган, маълум даражани сақлаб тура оладиган футболчилар керакки, улар доим қайдномада бўлсин, керак бўлганда, ёрдам бера олсин. Ёзда клуб шу йўналишда иш олиб боради. Шу жиҳатдан қарасак, бугун Ҳусанов уйда эмас, жамоа билан «Гуддисон»га келган. Гвардиолада нафақат асосий, қайдномага кириш ҳам осон эмаслигини унутиб қўймайлик.
Қаҳрамон Асланов