21.04.2025 14:04
2268
Теглар
Барселонада ремонтада, «Челси»дан корейсча қасос, Элдор «Рома»га ғалаба келтирди. Топ-5 лигада ҳафта якунлари

Камбеклар, сўнгги дақиқалардаги голлар – бу ҳафта дам олиш кунлари Европа футболи қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Эътиборингизга анъанавий равишда энг сараларини ҳавола қиламиз.

БАРСЕЛОНАДА «РЕМОНТАДА»

Сўнгги ҳафтада Мадриднинг «Реал» клуби «ремонтада» тушунчасини шу қадар кенгайтириб юбордики, «Реал»дан бошқа деярли ҳамма жамоа буни амалда ҳам намойиш қилишни бошлади. Ўйиннинг 62-дақиқасида виголиклар ҳисобни 1:3га етказгач, гўё Флик шогирдларида имконият йўқдек кўринганди. 

Аммо қайсидир маънода «Селта» ҳисобни икки тўп фарқига оширгани уларнинг зарарига ишлади деб ҳам айтиш мумкин. Масалан, ҳисоб 1:3 бўлиб турган пайтда 6 дақиқа ичида каталонияликлар тўрт марта ҳавфли зарба беришнинг уддасидан чиқишди ва шу оралиқда ҳисобни тенглаштиришди. Кейинги салкам 30 дақиқада эса зарбалар нисбати атиги 2:1 бўлди. «Селта» тизимли равишда 3:3ни ҳимоя қилаётган пайтда рақибни бемалол тўхтатиб тура олгани шуни кўрсатадики, ўша юқорида тилга олинган оралиқда меҳмонлар анча бўшашиб қолишган. 

Яна бир қизиқ факт: қаторасига икки ўйинда «Барселона» дарвозасига ҳет-трик қайд этишяпти. Дортмундда Серу Герасси уч марта Шесни дарвозасини аниқ нишонга олган бўлса, бу сафар «Селта» ҳужумчиси Борха Иглесиас ҳам такрорлади. 

БЕРЛИНДА ОТИШМА

Иккинчи жаҳон урушига алоқаси йўқ. «Унион» ва «Штутгарт» бу турда ажойиб тайм ижро қилиб беришди. 
Биринчи таймнинг ўзида аввал мезбонлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, кейин «Штутгарт» тенглаштирди ва тайм охирида энди улар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонаётган эдилар. Аммо таймнинг охирги дақиқалари «Унион» ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи таймда жамоалар ўзларини босиб олди ва бошқа гол бўлмади. 

Қизиғи, яратилган имкониятлар ва зарбалар бўйича қараганда таймлар бир-биридан, умуман бошқа ўйинлардан ҳам фарқ қилмайди. Жамоалар умумий 1.56 xG да 8 гол уришнинг уддасидан чиқишди. Ҳар икки дарвозага 5 тадан аниқ зарба йўлланган бўлса, шунинг ўзи тўрттадан гол уришга кифоя қилди. Ажойиб реализация.

ШОМУРОДОВ «РОМА»ГА ҒАЛАБА КЕЛТИРДИ

Элдор «Рома» таркибида деярли захирадан майдонга тушяпти, аммо унга берилган дақиқалар ўзини кўрсатиш ва муҳими, жамоага фойда келтиришга етарли бўляпти. Унинг «Атлетик» ва «Ювентус» дарвозаларига урган голи ҳам ҳал қилувчи бўлганди. 

Бу сафар Раниери ҳамюртимизга ўйинни илк дақиқалардан бошлаш имкониятини берди. Элдор олдинда 90 дақиқа эмас, худди ўзи ўрганиб қолгандек, саноқли сонияларда вазиятни ҳал қилиш учун тушгандек, 4-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Ушбу гол ўйин охиригача ўзгармай қолди. 

Бу ғалаба римликларни Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашни давом эттиришга замин яратди, дейиш мумкин. Айни пайтда «Рома» топ-4 дан атиги 3 очкога ортда бормоқда. 

«АТЛЕТИКО» ЧЕМПИОНЛИК КУРАШИДАН ЧИҚДИ

Симеоне шогирдлари Лас Палмасда мағлубиятга учрагач, пешқадам «Барселона» билан орадаги фарқ 10 очкога етди. Мавсум тугашига 6 тур қолганда бу фарқ йўқолиши учун фавқулодда нимадир содир бўлиш керакки, амалда бемалол мадридликларнинг 3-ўринда қолиши ҳақиқатга яқинроқ. 

Эътиборлиси, ҳал қилувчи гол «Лас Палмас» томонидан айнан «Атлетико» услубида, яъни сўнгги дақиқаларда урилди. Ягона гол аслида мадридлик бўлган Хавиер Муньос ҳисобига ёзилди. Хавиер Мадриднинг бошқа клуби – «Реал» тарбияланувчиси ҳисобланади.

Мезбонлар бу ғалаба билан хавфли зонадан юқорига чиқиб олишга муваффақ бўлишди. Умуман лигада жон сақлаш учун курашаётган клуб чемпионлик рақобатидаги «Барселона» ва «Атлетико» устидан ғалаба қозона олгани, «Реал» билан эса дуранг ўйнагани таҳсинга сазовор. Мана шу ўйинлар учун ҳам Диего Мартинес шогирдлари яна бир йил Ла Лигада қолишга ҳақли. 

«ЧЕЛСИ»НИНГ «КОРЕЙСЧА» ҚАСОСИ

Биринчи даврада «Челси» ва «Фулҳэм» ўртасидаги Лондон дербисида ҳам шу сценарий тескари кўринишда кузатилганди. Ўшанда 1-таймда Палмер урган голга 82 ва 90+5 дақиқаларда меҳмонлар жавоб бериб, 2:1 ҳисобидаги ғалабани илиб кетишганди. Бу сафар энди Мареска шогирдлари худди корейс киноларидаги каби худди ўшандай шаклда қасос олишди. Алекс Ивоби биринчи таймда мезбонларни олдинга олиб чиқиб, 83-дақиқагача 1:0 сақланиб турган бўлса, 83 ва 90+3 дақиқаларда меҳмонлар икки тўп уриб, нафақат қасос олишди, балки қимматли уч очкони қўлга киритишди. 

Айни дамда АПЛда «Ливерпул» ва «Арсенал»дан кейинги 3 йўлланма учун 5 жамоа яққол даъвогарлик қилмоқда. 3-ўриндаги «Нюкасл»да 59, «Манчестер Сити»да 58, яна уч жамоа – «Челси», «Ноттингҳем» ва «Астон Вилла»да 57 тадан очко мавжуд. Ҳафта бошида «Ноттингем» «Тоттенҳэм»га қарши меҳмонда тўп сурса, «Сити» ва «Астон Вилла» ўзаро курашади – мана шу икки ўйин ҳам кўп нарсага ойдинлик киритиши табиий.

ИТАЛИЯДА ЧЕМПИОНЛИК ИНТРИГАСИ

«Интер»га барибир бир неча фронтда кураш ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. «Бавария» билан муҳим ўйин олдидан Инзаги шогирдлари «Парма»га қарши очко йўқотганди. Ўшанда «Интер» икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олгач, ғалабани нақд деб ўйлаган ва «Бавария»ни ўйлай бошлаганда, «Парма» ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққанди. 

Бу сафар ЕЧЛдаги оғир ўйиндан кейин «Болоня»га қарши курашишнинг иложи бўлмади. Ўйин бироз мезбонларнинг устунлигида ўтди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Риккардо Орсолини ҳал қилувчи голни уришга муваффақ бўлди.

Энди «Интер» ва «Наполи» бир хил – 71 тадан очко тўплашган. Аммо «Наполи» қолган 5 ўйинда аутсайдер ва ўртамиёналарга қарши ўтказади. «Интер» эса икки Рим клубига қарши ўйинлардан ташқари, мамлакат кубогида «Милан» билан, Чемпионлар Лигасида эса «Барселона» билан икки марта ўйнаши керак. Яъни сўнгги ойда «Наполи» 5, «Интер» 8 ўйинда майдонга тушади. Антони Конте учун айни муддао.

«РЕАЛ» ТЎХТАМАЙДИ

Юқоридаги сценарий Мадриддаги ўйинда ҳам такрорланди. Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг «Реал» бор эътиборини Ла Лигага қаратиши ва «Атлетик» каби жиддий рақиб устидан ғалаба қозониши талаб этиларди. Бу осон эмас, бундан ташқари, Килиан Мбаппе дисквалификация ва жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олмайди. 

Ўйин тўлиғича «Реал»нинг устунлигида ўтди. Дарвозага берилган зарбалар нисбати 22-3, Беллингҳэмнинг ўзи 5 маротаба жуда қулай вазиятларни кўкка совурди. Яхшиямки «Реал»да майдоннинг қаерида тўп суришидан қатъи назар ажойиб зарбасини чўнтагида олиб юрадиган Валверде бор. Ҳамма тақдирга тан бериб турганда, унинг ҳаволатиб йўллаган зарбасини шу дақиқаларгача хатосиз ўйнаётган Унаи Симон қайтара олмади. Бу пайтда ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқа тугаётганди.

Айни пайтда «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги фарқ 4 очкони ташкил қилмоқда. Каталонияликлар Чемпионлар Лигасида ҳам курашни давом эттираётганини ҳисобга олсак, қаердадир қоқилишлари ҳам мумкин. Кураш охиригача давом этса керак.

«ЛЕСТЕР» АПЛНИ ТАРК ЭТДИ

«Ливерпул»дан мағлубиятга учрагач, Руд ван Нистелрой бошқараётган «Лестер»нинг келаси мавсумда Чемпионшипда ўйнаши расман маълум бўлди. Мавсум тугашига 5 тур қолганда жамоанинг 17-ўриндаги «Вест Ҳэм»дан масофаси 18 очко бўлиб турибди.
Бу ҳолат икки жиҳатдан хафа қилади. Биринчидан, сўнгги ўн йилда мамлакат чемпиони бўлган, Англия кубогини қўлга киритган, Чемпионлар Лигаси чоракфиналида тўп сурган клубнинг бу аҳволга тушиб қолгани ачинарли. Иккинчидан,лигани тарк этадиган учинчи жамоа ҳам деярли маълум – «Ипсвич». Бу дегани қаторасига икки йилдирки қуйидан чиққан уч жамоа хатосиз ўша йили АПЛни тарк этишга мажбур бўлмоқда. Бу АПЛ ва Чемпионшип ўртасидаги фарқ янада катталашиб бораётганини кўрсатади. 

Қ.Асланов тайёрлади

 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар