15.04.2025 08:57
1226
Теглар
«Қизилқум» қачондан ўз майдонида ўйнаши маълум қилинди

ПФЛ «Қизилқум»нинг май ойидан ўз майдонида ўйнашини маълум қилди. 

«Лига мутахассислари сўнгги икки ой ичида бир неча бор Навоий шаҳрида бўлиб, Ёшлик спорт мажмуасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Сўнгги бор улар кеча — 13 апрел куни стадионда бўлиб, ҳолатни кўздан кечирди. 

Навоий шаҳридаги стадион майдони март ойининг сўнгги 10 кунлигида расмий учрашувларни қабул қилиш учун тайёр ҳолатда бўлган. Бироқ стадион техник ҳудудини пардозлаш ишлари вақт талаб қилди. «Қизилқум» 18 апрел кунги Суперлига 6-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» клубига қарши учрашувни ўз майдонида қабул қилиш бўйича 10 апрел куни Лигага расмий хат йўллади. Ваҳоланки, ўрганишлар 18 апрел куни «Ёшлик» стадионида расмий учрашув ўтказиш эҳтимоли бироз кам эканлиги юзасидан Лига 7 апрел куни «Қизилқум» клубига маълумот тақдим этганди. 

«Суперлига ва Пролига регламенти»нинг 11.3 ҳамда 15.8-бандлари «Қизилқум» клубига Лига томонидан юборилган хатга асос вазифасини ўтаб берган. Расмий учрашувни ташкил этишда бир қатор масалалар инобатга олиниши лозим. Суперлига ўйини янги стадионда кутилмаган форс-мажор ҳолатлар билан тўқнаш келиши катта эҳтимол. Шундан келиб чиқиб, стадионда барча иш тўла якунланиши ва расмий учрашув ўтказиш масаласи регламентда кўрсатилган муддатдан келиб чиққан ҳолда талаб қилиниши мантиқли ҳисобланади. 

14 апрел кунги ҳолат бўйича стадион ўйинларни қабул қилиш учун 95 фоизга тайёр. Техник ҳудуддаги ишлар деярли якунланган, прожекторлар тақдим этаётган ёруғлик талаб даражасига келтирилган. Бироқ учрашувни маркетинг томонлама ташкил этиш, МТРК ва VAR техникаси узилишларсиз фаолият олиб бориши ҳамда тўлиқ қувватда ишлаши мумкинлиги тегишли мутахассислар томонидан мониторинг қилиб олинмаган. Клуб расмийлари бу борада ишлар 1-2 кун ичида якунланишини билдирган. Демак, мана шу муддатдан сўнг Лига ТВ ва VAR мутахассисларини Навоий шаҳрига юборади. Ўрганиш ишлари амалга оширилгач, Суперлига 8-туридан ўрин олган 4 майга режалаштирилган «Қизилқум» — «Навбаҳор» учрашувини Навоий шаҳрида ташкил этиш чоралари кўрилади. 

Маълумот учун, Лига мутахассислари 2 йилдан буён Навоийдаги стадион билан боғлиқ вазиятни узлуксиз мониторинг қилиб борди. Одатда стадион техник ҳудудини эмас, футбол майдонини фойдаланишга топшириш кўпроқ вақт талаб этади. Сабаби майса униб чиқиши ва парвариши бевосита иқлим билан боғлиқ ҳисобланади. «Ёшлик арена»да эса бунинг акси кузатилди. Майдон Наврўз байрами арафасида тайёр ҳолатга келтирилди, бироқ техник ҳудуддаги ишларни якунлаш вақт олди. Бу борадаги масъулият стадионда таъмирлаш ишларини олиб борган томонга бевосита боғлиқ ҳисобланади. Лига эса стадионларни қабул қилиб олишда регламент талаблари бирламчи эканлигини эслатади», — дейилади ПФЛ хабарида.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар