«Навбаҳор» сардори Азимжон Аҳмедов Ўзбекистон Кубоги 1-туридан ўрин олган «Нефтчи» билан ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Қандай мусобақа доирасида бўлмасин, «Навбаҳор»нинг «Нефтчи»га қарши кечадиган ўйинлари доимо муросасиз тарзда кечади. Боиси, ушбу жамоалар ўртасидаги баҳслар водий дербиси мақомига эга. Бу сафарги ўйиннинг эса янада кескин курашлар остида ўтиши эҳтимоли юқори. Чунки айни пайтда фарғоналиклар таркибида «Навбаҳор»нинг кўплаб собиқ футболчилари ўйнашмоқда. Бундан ташқари, Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган, 5 апрел куни Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда аламли тарзда имкониятни бой бердик. Шу боис бўлажак ўйинда ўзгача иштиёқда майдонга тушиб, ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам жамоамиз ўз олдига юксак мақсадларни қўйган. Буни амалга ошириш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Ишқибозлардан эса жамоамизни стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. Биз эса таъкидлаганимдек, уларнинг ишончларини оқлаш, уйларига хурсанд ҳолда қайтишлари учун рақибни мағлубиятга учратишга интиламиз»,, — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, жамоалар 10 кун аввал Суперлигада ҳам тўқнаш келишган ва унда Фарғона клуби зафар қучганди.