Ўзбекистон ўсмирлар миллий жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов Осиё Кубоги U-17 1-туридан ўрин олган Таиландга (4:1) қарши ўйиндансўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Дастлабки учрашув бўлгани боис йигитларда ҳаяжон сезилди. Бу ёшдаги футболчиларда юқори даражадаги турнирда биринчи бор иштирок этаётганликлари боис шундай ҳолат кузатилиши табиий.
Биринчи бўлимни яхши бошладик. Ўйин аввалида тезкор гол уришга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг футболчиларимиз хотиржамликка берилишди, бу ўйинга таъсир қилди. Ҳимоядан ҳужумга ўтишда муаммолар юзага келди. Натижада рақибимиз гол уриб кетди. Иккинчи бўлимда бир қатор ўзгаришларга қўл уриб, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилдик ва ғалабани мустаҳкамладик.
Натижадан хурсандман, бироқ ўйин сифатидан қониқмадим. Сабаби биз бундан-да яхшироқ ўйин кўрсата оламиз. Бугунги учрашувни таҳлил қилиб, келгуси ўйинларда сифатли футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз», — дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради UFA матбуот хизмати.
Ўзбекистон 1-турдан сўнг гуруҳда пешқадам бўлиб турибди.Жамоа кейинги баҳсни 6 апрел куни Хитойга қарши ўтказади ва агар унда ҳам ғалаба қозонса, чоракфинал ва жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.