Ироқ миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаш босқич сўнгги икки ўйинда муҳим очколарни йўқотиб, мундиалга бориш вазифасини қийинлаштиргач, мамлакат футбол федерацияси мураббийлар штабида ўзгаришга қўл урмоқчи.
Alrabia Sports хабарига кўра, Ироқ футбол федерацияси миллий жамоанинг амалдаги бош мураббийи Хесус Гарсияни истеъфога чиқаришга яқин турибди. Унинг ўрнини Карлуш Кейруш эгаллаши кутилмоқда. У дастлабки таклифга розилик билдирган. Португалиялик мутахассис декабр ойида Колумбия миллий жамоасидан истеъфога чиққач, ҳозиргача ишсиз саналади. У сўнгги мундиалга Эрон билан йўлланма олганди.
Испаниялик мутахассиснинг вазифасидан озод этилишига Ироқ миллий жамоасининг сўнгги икки ўйин – Кувайт (2:2) ва Фаластин (1:2) билан баҳсларда 4 очко йўқотиб, ЖЧ-2026га чиқиш имкониятини пасайтиргани сабаб бўлди. Ироқликлар Кувайт билан баҳсда қўшиб берилган дақиқаларда 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан қутулиб қолган бўлса, Фаластин билан сафардаги баҳсда кутилмаган мағлубиятни тан олишди. Натижада, Ироқ «В» гуруҳида 12 очко билан 3-ўринга тушди, Иордания эса 2-ўринга кўтарилди.
Маълумот учун, Ироқ сўнгги икки турни июн ойида Жанубий Корея ва гуруҳдаги асосий рақиби Иорданияга қарши сафарда ўтказади.