«Манчестер Сити» етакчиси Эрлинг Ҳоланд мавсум якунига қадар жамоасига ёрдам бера олмайди.
Клуб расмий сайти норвегиялик форварднинг жароҳат олганини тасдиқлади. Эрлинг Англия кубоги чоракфинали доирасидаги «Борнмут»га қарши ўйиннинг (2:1) 61-дақиқасида жароҳат олганди. Тиббий текширувлар унинг чап оёқ тўпиғи шикастлангани кўрсатган. Бу эса унинг тахминан икки ойга – мавсум якунига қадар сафдан чиққанини англатади.
Футболчининг тўлиқ тикланиш муддати қўшимча текширувлардан кейин аниқланади. Клуб шифокорлари унинг июн ойида сафга қайтишига умид қилмоқда.
Аввалроқ, унинг клублар ўртасидаги ЖЧ-2025 баҳсларигача сафга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.
Маълумот учун, АҚШ мезбонлигида ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 15 июндан 13 июл кунига қадар давом этади.