Шарҳловчи Даврон Файзиев «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола нима учун Абдуқодир Ҳусановнинг инглиз тилини тезроқ ўрганишини хоҳлаётганини тушунтирди.
«Гвардиола жамоасидаги ҳар бир футболчига ўз ғояларини сингдиришни хоҳлайди. У шунинг учун Ҳусановдан нима истаётганинини тушуниши учун тезроқ тил ўрганишини талаб қилди. Бу ҳимоячи учун жуда муҳим.
Ҳужумчилар ва яримҳимоячилар ўртасида масофа бўлади. Уларнинг хатолари жуда глобал оқибатларга олиб келмайди. Ҳужумчилар инстинкт нуқтайи назаридан ўйнай олади. Ҳимоячиларда бундай эмас. Уларни дарвозабон бошқаради. Ҳимоячилар дарвозабон ҳамда шерикларини эшитишлари керак. Ахир бир лаҳзали хато голга олиб келиши мумкин. Шунинг учун Пеп Ҳусановнинг тезроқ тушунишини хоҳлайди.
Менимча, Абдуқодир футбол терминларини ва «Сити»да кўп қўлланадиган ибораларни ўрганган бўлиши керак», — дея Даврон Файзиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Аввалроқ «шаҳарликлар» устози Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячининг жамоага мослашиши ва тил ўрганиши зарурияти ҳақида яна бир бор гапирганди.