Қирғизистон ва Эронга қарши ўйинарда 4 очко олингач, яъни турнир нуқтайи назаридан анча яхши натижага эришилгач, миллий жамоамиз собиқ мураббийи Сречко Катанец Темур Кападзени жамоада ўзгариш қилмагани учун табриклашини, яъни бу натижаларда ўзининг меҳнати катта эканини таъкидлади. Албатта, жумланинг иккинчи қисмига қўшиламан, ростан ҳам бу жамоанинг шаклланишида, нафақат ўйин борасида, балки руҳий томондан ҳам яхши муҳит пайдо бўлишида словениялик мутахассиснинг меҳнатларини инкор қилиб бўлмайди. Аммо шу билан бирга Темур Кападзе жамоада баъзи ўзгаришлар қилганини ҳам таъкидлаш керакки, оддий томошабин кўзи билан ҳам бу сезилди ва, айниқса, Эрондаги ишончли ўйинимизда асосий фактор ҳам шу бўлди. Келинг, шу ҳақда гаплашамиз.
Жуда майда деталлар, айрим футболчиларнинг функциясидаги кичик ўзгаришлар ҳақида тўхталишнинг иложи йўқ, чунки ташқаридан туриб аниқ билиш қийин, зеро ўша берилган янги вазифалар кўнгилдагидек бажарилмаслиги ёки жамоа қийин ҳолатларда беихтиёр эски созламаларга тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Атиги бир-икки машғулот билан ўйинни тубдан ўзгартиришнинг иложи йўқлигини ҳамма билади, жумладан, Кападзенинг ўзи ҳам аввал ҳам кўп бор таъкидлаган. Қайсидир маънода Катанецнинг штаби олиб қолинганининг сабабларидан бири шу. Яхшиси энг кўзга ташланадиган ва пайқаш осон бўлган икки жиҳатга тўхталамиз: билд-ап ва прессинг. Ҳозирдан айтиш мумкинки, ҳар икки ўзгариш ҳам жамоанинг фаоллашишига, яъни ҳужумкорликка қаратилган.
ҚАНОТЛАР ЮҚОРИГА КЎТАРИЛДИ
Катанец «ҳеч нарса ўзгармади» деганда ҳақ бўлган жиҳат – тактик схема. Кападзе ростан ҳам 5-2-3 ни сақлаб қолди, ҳатто таркиб ҳам катта эҳтимол билан эски мураббий қолганида ҳам худди шундай бўларди. Аммо футболчиларнинг бу схема ичидаги роллари ўзгарди.
Шу ўринда кўпчилик мухлислар орасида уч марказий ҳимоячи билан ўйнашнинг ҳимоявий экани ҳақида фикрлар кўп янграйди. Йўқ, аслида ундай эмас. 3-4-3 анча мослашувчан, рақиб учун ноқулай ва етарли даражада ҳужумкор ҳисобланади. Шунчаки, қанотдаги футболчиларнинг, айниқса, ҳужум пайтидаги позицияси ва роли ўйинни эҳтиёткор ёки ҳужумкорга айлантириб қўйиши мумкин. Асосий фарқ ҳам шунда. Биз Европа футболида ҳам 3 марказий ҳимоячи билан ўйнаб, жуда кўп голлар урадиган жамоаларни биламиз, «Аталанта», «Байер»ва «Интер», масалан.
Биз айнан Ўзбекистон мисолида 3-4-3 ни ҳимоявий схема сифатида билганимизда Катанецнинг хизмати бор – у шу даражада эҳтиёткор эдики, схема том маънода 5-3-2 га айланар, қанот ҳимоячиларимиз ҳатто оддий икки марказий ҳимоячили схемалардан ҳам оз ҳужумга қўшилишарди. Табиийки, олдинги чизиқда сон жиҳатидан етишмаслик кўп ҳужумларимизни оддий ва бесамар қилиб қўярди.
Қирғизистон билан ўйинда Алижоновнинг позицияси анча юқорида жойлашгани барчанинг эътиборини тортгани шубҳасиз. Пеналти, қизил карточка ва гол ҳам айнан Алижоновнинг нафақат қанотга, жарима майдонига тез-тез меҳмон бўлиши оқибатида юз берди. Албатта, буни рақибнинг Қирғизистон экани, ўйин бошидаги одатий фаоллик билан боғлаш мумкин бўларди, агар Эрон билан ўйин бўлмаганда. Гуруҳ фаворитига қарши сафар ўйинида ҳам ушбу ўзгариш кўринди ва, демак, бу айнан Кападзенинг чизгиси эканини бемалол айтиш мумкин.
Қуйида Эронга қарши Тошкентдаги ўйинимиздан баъзи расмлар келтирилган. Мен бу расмларни олишим учун ўша ўйинни ахтаришга эҳтиёж сезмадим. Сабаби, ўша пайтдаёқ бу ҳақида мақола қилинган, билд-ап, яъни ҳужум ташкил қилишда ҳимоячиларимизнинг ўта паст позициясига алоҳида эътибор қаратгандик.
Юқоридаги расмлар 1 киши кам бўлиб қолган рақибга қарши Тошкентдаги ўйиндан олинган. Ҳисоб бизни қониқтирмасди. Қуйида эса тенг таркибларда сафарда худди ўша рақиб билан ўйиндан. Бу ерда ҳисоб бизни қониқтирарди:
Турнир нуқтайи назаридан ҳисобни қониқарли ва қониқарсиз деганимиз билан, демак, аслида мураббийнинг қараши муҳим: кимдир Тошкентда Эрон билан дурангга рози бўлади, кимдир эса сафарда ғалаба учун ўйнайди, тўғрими?
Аслида билд-апда орқада кўп футболчиларнинг қатнашиши жамоага қўшимча қийинчилик туғдиради. Чунки ҳимоячиларнинг кўпчилик эканини кўрган рақиб ҳам прессингга бормайди, чунки бу ҳолатда тўпни олиб қўйишнинг иложи йўқ. Ўз навбатида, Ўзбекистонга ҳам қийин бўлади, чунки рақиб прессингга келмай олдинги чизиқда сон жиҳатдан устун бўлади – бу ҳолатда бўш зоналар топиш, ҳужумни давом эттириш ҳам қийинлашиб у кетади.
Парадоксал ҳолат, Ўткир Юсупов Эрон билан Тошкентдаги ўйинда 12 марта узун пас амалга оширган экан, Эрондаги учрашувда бу икки баробар кўп – 23 марта. Қуруқ мана шу статистика гўёки, биринчи ўйинда билд-апга эътибор берилгани, тўпни сақлашга ҳаракат қилингани, иккинчи ўйинда эса таваккалчилик кўпроқ бўлганини англатгандек. Аслида эса тескариси.Эрондаги ўйинда футболчиларимиз анча юқорида жойлашишди ва узун паслар учун курашишда имкониятлар пайдо бўлди. Ўткирнинг тез-тез узун пасларга мурожааат қилиши ҳам шу туфайли – олдинда вакилларимиз етарли эди. Биринчи гол қандай содир бўлганини эслаш кифоя.
Тошкентдаги ўйинда эса расмларда кўрганингиздек, ҳимоячиларимиз анча пастда жойлашишган: бу ҳолат биринчидан эронликларнинг прессингини камайтирган, иккинчидан, Ўткирда олдинги чизиқда эмас, ёнида вариантларни кўпайтирган. Агар давомини қарасангиз, барибир Юсупов бўлмаса, марказий ҳимоячиларимиз томонидан узун паслар берилган, аммо афсуски асосан мана бундай якунланган:
ЮҚОРИ ПРЕССИНГ
Иккинчи муҳим жиҳат жамоамиз юқори прессингга кўпроқ мурожаат қилгани ва рақибни имкон қадар дарвозамиздан узоқроқда кутиб олишга ҳаракат қилгани бўлди. Лекин бу ўзига яраша ишланмалар ва вақт талаб қиладиган вазифа бўлгани туфайли, Эрондаги муаммоларимизга асосий сабаблардан бири ҳам шу бўлди.
Гап шундаки, олдинги чизиқдаги футболчиларимиз фаол прессингга киришган пайтда ҳимоя чизиғи етарли даражада мувофиқлашмади. Айнан мана шу ерда икки мураббийнинг фарқи жамоа эволюциясида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масала экани ойдинлашди. Прессинг бир ёки бир нечта футболчининг ҳаракати эмас, бу ҳолда рақиб осонлик билан буни ёриб ўтиши ва ташкил этилган прессинг жамоа зарарига ишлаши мумкин. Прессингда бутун жамоа ҳаракатланади – илк футболчи олдинга ташланганда унинг ўрнини орқадаги шериги ёпиши, шу тариқа занжир каби рақибнинг ҳар бир футболчиси таъқибга учраши керак.
Катанец имкон қадар эҳтиёткорликка таянади, табиийки, ҳимоячилар қуйи блокда кўпроқ ҳаракат қилишга мажбур. Бир неча йилдан бери худди шу созламаларда ўйнаб келган ҳимоя чизиғини прессингга ўргатиш осон эмас. Ҳужумчиларга айтасиз – рақиб ҳимоячиларига босим қил деб, бўлди, амалга ошади. Аммо ҳимоячиларнинг иши қийинроқ, прессинг учун ташаббус улардан келиб чиқмайди, олдинги чизиқдагилар буни бошлаганда, қувватлаш талаб этилади. Табиийки, ҳужумчиларнинг ҳар ташаббусида синхрон ҳаракат қилиш, бунинг устига учала ҳимоячининг бир пайтда бир хил фикрлари доим ҳам содир бўлавермайди. Қуйидаги расмга эътибор беринг:
Ўйиннинг дастлабки дақиқалари. Ҳужумчилар прессинг қилиб, рақибни майдон марказида кутиб олишга ҳаракат қиляпти, аммо ҳимоя чизиғида керакли қувватлов йўқ. Аслида ҳимоячилар ҳам олдинга сурилиши ва зичлик ҳосил қилиши, ҳам офсайд чизиғини олдинроққа суриши керак. Шунда рақиб ҳужумчилари ҳам ортга қайтишга мажбур бўлади, бир пас билан зарба бериш позициясига чиқиш имконияти камаяди. Ҳимоячиларимизнинг орқада қолиши хавфли худудларда қуйидаги расмлардаги каби бўш зоналарни пайдо қилди.
Кўриб турганингиздек, прессинг бутун жамоа бўйича мувофиқлашмаса, рақибнинг вазифаси осонлашади. Прессинг зарарга ишлай бошлайди. Бир нечта ёки биргина ижроси осон узатма билан уни ёриб ўтиш рақибнинг янада устун позицияда бўлишига имкон яратади.
Юқорида Сардор Озмун яккама якка чиқиб кетган вазият. Айнан прессингдаги узилиш туфайли, яъни ҳужумчилар ва ҳимоя чизиғи мувофиқлашмагани сабаб биргина пас билан эронликлар беш ҳимоячимизга 6 нафар фаол футболчи билан ҳужумга чиқиш имкониятига эга бўлди. Умуман 1-бўлимда мана шундай тушунмовчиликлар Эрон учун вазият яратиб бериш генератори бўлиб ҳизмат қилди.
Деярли барча вазиятларни Эрон айнан марказни тўлдириш ва бўш зоналардан фойдаланиш орқали амалга оширди.
Тан олиш керак, 2-бўлимда бундай ҳолатлар камайди. Буни Кападзе танаффусда керакли кўрсатмалар бергани ва ҳисобда олдинда борганимиз туфайли прессинг камайгани билан изоҳлаш мумкин.
ХУЛОСА
Хулосалаш мумкинки, Катанец ноҳақ, Кападзе таркиб ва схемада ўзгариш қилмагани билан, деталларда, урғуларда сезиларли даражада созламалар қила олди. Қирғизистонга қарши ўйин олдидан атиги бир марта тўлиқ машғулот ўтказган, ҳатто тикланиш учун ҳам етарли вақтга эга бўлмаган мураббий учун бу ҳатто жуда кўп. Энг муҳими, энди бемалол айтиш мумкинки, жамоамизда мураббий алмашувидан натижага панд бермаган ҳолатда ўтиб олдик. Кейинги ўйинларда янада яхшироқ бўлишига ишонч бор. Юқорида тилга олинган камчиликлар ва тушунмовчиликлар эса назарий машғулотлар ва ўртоқлик ўйинлари орқали тузатилиб борилишига умид қиламиз.
Илгари баъзи кучсизроқ жамоаларга қарши муаммолар кўзга ташланса, бунақа ўйинимиз, шунақа хатоларимиз бўлса Эрон нималар қилиб ташлайди, дердик, эсингиздами? Давом этамиз, агар Эрон бизга шунақа муаммолар туғдираётган бўлса, эртага жаҳон чемпионатида Испания, Германияга қарши ўйинларда нима бўлади ахир? Ҳазил, албатта.
Қаҳрамон Асланов