Доривал Жуниор Бразилия миллий жамоаси бош мураббийлигидан бўшатилгач маҳаллий футбол конфедерацияси (CBF) бу лавозимга хорижлик мутахассис тайинланишини хоҳламоқда.
Маълумотларга кўра, қуйидаги номзодларни кўриб чиқмоқда: Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Карло Анчелотти, «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳамда «Ал Ҳилол» клубида фаолият юритаётган Жорже Жезус.
Конфедерация президенти Эдналдо Родригес томонидан Анчелотти номзоди афзал кўрилаётгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, Гвардиоланинг миллий жамоани бошқаришга очиқ экани ҳам қайд этилган.
Доривал Жуниор 2024 йилнинг январидан бери Бразилия миллий жамоасини бошқариб келаётган эди. 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 14-туридан кейин беш карра жаҳон чемпионлари мусобақа жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди.